Қашқадарёда биржа савдолари иштирокчилари учун семинар ўтказилди
Қашқадарё вилоятида биржа савдолари иштирокчилари учун ўқув семинари ўтказилди. Рақобат қўмитаси томонидан тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда монополист корхоналар, устав фондида давлат улуши мавжуд корхоналар ҳамда биржа аъзолари иштирок этди.
Унда “Рақобат тўғрисида”ги қонун талаблари, биржа савдоларида рақобат ва шаффофликни таъминлаш, юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотларни сотиш тартиби, шунингдек, “EBIRJA” электрон тизимида ишлаш масалалари юзасидан тушунтиришлар берилди.
Маълумки, айрим муҳим турдаги маҳсулотларни биржа савдолари орқали реализация қилиш белгиланган. Хусусан, ёқилғи-энергетика соҳасида 12 турдаги маҳсулот 420 та субъект, кимё саноатида 21 турдаги маҳсулот 48 та субъект томонидан сотилади. Агросаноат комплексида эса 13 турдаги маҳсулот бўйича 20 мингдан ортиқ фермер ва кластер субъектлари иштирок этади.
[gallery-31158]
Амалдаги талабларга мувофиқ, айрим маҳсулотларнинг барчаси, баъзиларининг эса камида 50 фоизи биржа орқали сотилиши белгиланган. Жумладан, Президентнинг 2021 йил 17 мартдаги ПҚ-430-сонли қарорига асосан цемент ишлаб чиқариш ҳажмининг камида 50 фоизи биржа орқали реализация қилинади. Монополист ва давлат улуши мавжуд корхоналар ишлаб чиқарган цемент эса тўлиқ биржа савдолари орқали сотилиши белгиланган.
Семинарда Рақобат қўмитаси бош мутахассиси Жамол Авазов, Биржа иштирокчиларини қўллаб-қувватлаш департаменти бошлиғи Жаҳонгир Мадаминов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Товар-хом ашё биржаси Қашқадарё вилояти филиали бошлиғи ўринбосари Элбек Тожиев иштирок этди.
Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари