Истанбулдан жаҳон бозорларига: ўзбек маҳсулотларининг янги экспорт манзиллари
Глобал бозорларда рақобат тобора кучайиб бораётган бир шароитда миллий маҳсулотларни хорижий бозорларга олиб чиқиш, экспорт географиясини кенгайтириш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг халқаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Айни пайтда Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтказилаётган “F İstanbul 2026” халқаро озиқ-овқат кўргазмаси ўлкамиз тадбиркорлари учун янги бозорларга чиқиш ва хорижий харидорлар билан тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш имконини бермоқда.
Шу кунларда “Istanbul Expo Center”да ўтаётган мазкур тадбир бу йил бешинчи бор ташкил этилмоқда. Расмий маълумотларга кўра, кўргазма 60 минг квадрат метрдан ортиқ майдонни қамраб олган бўлиб, унда юзлаб компаниялар ва мингга яқин брендлар иштирок этмоқда. Кўргазманинг асосий йўналишлари озиқ-овқат ва ичимликлар, қуруқ мевалар, қандолат маҳсулотлари, қайта ишлаш ҳамда қадоқлаш технологияларини ўз ичига олади.
Ўзбекистон Экспортчилар уюшмаси раиси Ёрқин Маликовнинг ЎзАга айтишича, кўргазмада мамлакатимизнинг озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам намойиш этилмоқда. Тадбиркорларимиз Туркия ва бошқа давлатлардан келган йирик харидорлар билан музокаралар олиб бориб, экспорт шартномаларини тузиш бўйича келишувларга эришмоқда.

– “F İstanbul 2026” кўргазмасининг учинчи куни ҳам якунланмоқда. Айтингчи, мазкур йиғинда тадбиркорларимизнинг иштироки ва хорижий харидорларнинг маҳсулотларимизга эътибори қандай бўляпти?
– Таъкидлаш кераки, мазкур кўргазмада Ўзбекистондан озиқ-овқат соҳасида фаолият юритувчи 70 га яқин фирма ва ишлаб чиқарувчи корхона иштирок этмоқда. Улар орасида қуруқ мевалар, салқин ичимликлар, жумладан, «Чортоқ» минерал суви ва «Flavis» маҳсулотлари, тез тайёрланадиган озиқ-овқат ва макарон маҳсулотлари, ҳолва ҳамда бошқа ўнлаб тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган корхоналар бор. Қувонарли жиҳати, диёримиз маҳсулотларига хорижий харидорларнинг қизиқиши юқори бўлмоқда.

– Кўргазма доирасида қайси давлатлар тадбиркорлари билан музокаралар олиб бориляпти? Шартномалар тузиш бўйича қандай натижалар бор?
– Шартномаларнинг умумий сони ва қиймати бўйича ҳали якуний таҳлил ўтказилмади. Лекин бир қатор давлатлардан Ўзбекистон маҳсулотларига катта қизиқиш бўлмоқда. Жумладан, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони, Кувайт, Ўмон, Яман, Сурия ва Ироқлик тадбиркорлар маҳсулотларимизга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Европадан Италия, Германия, Нидерландия ва Швеция вакиллари билан музокаралар олиб борилмоқда. Шунингдек, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистондан келган тадбиркорлар билан ҳам савдо алоқалари ўрнатилиб, айрим йўналишларда шартномалар тузилди.

– Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган сода ва туз маҳсулотларига хорижий бозорларда талаб қандай?
– Бир вақтлар истеъмол сода маҳсулоти Россиядан импорт қилинган бўлса, бугун юртимизда ишлаб чиқариляпти ва Швеция, Озарбайжон, Саудия Арабистони бозорларига экспорт қилинмоқда. Бу жиҳат экспорт географиямизнинг кенгайиб бораётганини кўрсатади.
– Майиз ва гўшт экспорти бўйича Ўзбекистонда чекловлар йўқми?
– Юртимиздан узум ва майиз маҳсулотларини экспорт қилишга умумий тақиқ мавжуд эмас. Бу маҳсулотлар кўплаб давлатларга, жумладан, Туркияга ҳам экспорт қилинмоқда. Гўшт маҳсулотлари экспортига ҳам умумий тақиқ мавжуд эмас. Бироқ экспортда белгиланган божхона, ветеринария, санитария ва бошқа талабларга риоя қилиш зарур. Маҳсулотни қайси давлатга экспорт қилишга қараб, ўша давлатнинг импорт талаблари ҳам инобатга олинади.
Мен Туркияга гўшт олиб келиш масаласи бўйича ҳам ишлаганман. Айрим инвесторлар гўшт экспорти имкони йўқлигини билдирган эди. Аслида эса бундай масалаларда амалдаги тартиб ва талабларни аниқ ўрганиш зарур. Тадбиркорларимиз бу каби масалалар бўйича аниқ маълумот олмоқчи бўлсалар Ўзбекистон Экспортчилар уюшмасига мурожаат қилишлари мумкин, биз уларга мавжуд имкониятлар ва тартиблар бўйича йўналиш беришга тайёрмиз.

– Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар хусусида гапирсангиз.
– Туркия Ўзбекистоннинг муҳим ташқи савдо ҳамкорларидан бири. Бугунги кунда ўлкамиздан Туркияга кабель, мис маҳсулотлари, ёнғоқ, мағиз, туршак ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари экспорт қилинмоқда. Қисқача айтганда, икки қардош мамлакат ўртасидаги савдо муносабатлари изчил ривожланиб бормоқда.
– Туркия бозори ўзбек экспортчилари учун қандай имкониятлар тақдим эта олади, деб ўйлайсиз?
– Туркия Ўзбекистон маҳсулотлари учун муҳим бозорлардан бири. Истанбулнинг савдо ва логистика нуқтаи назаридан қулай жойлашуви эса бу имкониятларни янада кенгайтиради.
Туркия орқали Европа, Осиё ва Яқин Шарқ бозорларида янги ҳамкорлар топиш, дистрибьюторлик тармоқларини ривожлантириш ва экспорт географиясини кенгайтириш мумкин. Шу жиҳатдан “F İstanbul” каби халқаро кўргазмалар ўзбек тадбиркорлари учун муҳим бизнес майдони ҳисобланади.

– Айтингчи, ташқи бозорларга чиқишда Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари нималарга кўпроқ эътибор қаратишлари керак?
– Аввало, маҳсулот халқаро стандартларга жавоб бериши, қадоқлаш ва маркировка талабларига мос бўлиши, зарур сертификатларга эга бўлиши лозим.
Логистика, нарх сиёсати, маркетинг ва хорижий харидорлар билан ишлаш ҳам муҳим.
Маҳсулот сифатли бўлишининг ўзи етарли эмас. Уни ташқи бозор талабига мос равишда тақдим этиш, брендни шакллантириш ва ишончли ҳамкорлар билан ишлаш зарур.
Айниқса, хомашё эмас, қўшимча қиймат яратилган тайёр маҳсулотни экспорт қилишга устувор аҳамият беришимиз керак.
Бу экспорт тушумларини ошириш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва янги иш ўринларини яратишга хизмат қилади.

– Қайси маҳсулотларнинг экспорт салоҳияти юқори, деб ҳисоблайсиз?
– Қуритилган мева ва сабзавотлар, қандолат маҳсулотлари, миллий ширинликлар, ичимликлар ва қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотлари экпортида катта имконият бор.
Энг муҳими, ишлаб чиқаришдан тортиб, қадоқлаш, сертификатлаш ва логистикагача бўлган жараёнларни халқаро бозор талаблари асосида ташкил этиш зарур.
– Суҳбатимиз якунида қўшимча фикрларингиз бўлса, марҳамат.
– Тадбиркорларимиз ташқи бозорларга чиқишдан қўрқмаслиги керак. Ўзбекистоннинг сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш имконияти ва йирик экспорт салоҳияти жуда юқори.
Бу имкониятдан самарали фойдаланиш учун хорижий бозорларни ўрганиш, халқаро стандартларга риоя қилиш, сертификат ва ҳужжат талабларини билиш, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда ишончли хорижий ҳамкорлар билан ишлаш зарур.
Биз экспортчиларни қўллаб-қувватлаш ва Ўзбекистон маҳсулотларини янги бозорларга олиб чиқиш бўйича ҳамкорликка доим тайёрмиз. Фурсатдан фойдаланиб, халқимизни Истиқлолимизнинг 35 йиллик байрами билан табриклайман. Мустақиллигимиз абадий бўлсин!
Нодира Кайимова
Истанбул, Туркия