Янги авлод раҳбар бўлишни истамайдими?
Бугунги кунда Z авлоди учун муваффақият юқори лавозим билан ўлчанмаётгандек. Тадқиқот кўрсатишича, кўпчилик ёшлар мансаб поғонасидан кўтарилиш ўрнига шахсий ҳаёт ва иш ўртасидаги мувозанатни сақлаш тарафдори. Мутахассислар айнан шундай қараш муайян компания учун келажакда раҳбар кадрлар етишмовчилиги хавфини ошираётганига эътибор қаратган.
Иш муҳити бўйича эксперт, “Enpulse” компанияси раҳбари Томаш Шклярски баҳосига кўра, дунё миқёсида ёш авлоднинг атиги 6 фоизи юқори лавозим эгаллашни кўзлайди. Таъкидланишича, бундай паст кўрсаткич жамиятдаги бошқарув тизими учун жиддий хавф ҳисобланади. Демак, раҳбарлик вазифаси аввалги даврга нисбатан анча оғирлашган, масъулият кескин ортган.
Сўнгги йилларда бир менежер бошқарадиган жамоа ўртача олти нафардан ўн икки кишигача кўпайди. Энди етакчи бир вақтнинг ўзида ҳам юқори бошқарув олдида натижа учун жавобгар, ҳам ходимлар ривожланиши, руҳий ҳолати ва иш самарадорлиги учун масъул. Ёш мутахассислар эса бундай босимни кузатар экан, қўшимча маош ёки мақом эвазига шахсий вақтдан воз кечишни маъқул ҳисобламаяпти.

Айни ҳолат алоҳида компания эмас, балки глобал меҳнат бозори учун долзарб масала сифатида баҳоланмоқда. Айниқса, аҳоли қариши туфайли меҳнат ресурси қисқараётган Европада малакали бошқарувчи танқислиги янада сезилиши мумкин. Экспертлар сунъий интеллект жараённи осонлаштираётганини тан олса-да, инсонга раҳбарлик қилиш, ишонч қозониш, жамоани руҳлантириш ва мураккаб қарорлар қабул қилиш каби вазифаларни технология ҳозирча тўлиқ ўзлаштира олмаслигини қайд этмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА