Германияда ноодатий илонлар сони ортиб бормоқда
Глобал иқлим ўзгариши оқибатида илгари фақат Жанубий Европада учрайдиган ва узунлиги 2 метрдан ошадиган илон турлари эндиликда Германия ҳудудларида кенг тарқалмоқда.
Мюнхендаги Судралиб юрувчиларни қутқариш маркази раҳбари Маркус Баурнинг таъкидлашича, сўнгги беш йил давомида Баварияда асли Болқон ва Греция учун хос бўлган заҳарсиз илонлар ҳамда Ўрта ер денгизига тегишли сув илонлари тез-тез кузатилмоқда.
Шунингдек, Рейнланд-Пфальц штатида Жанубий Европадан келиб қолган сариқ-яшил илонлар сони ҳам бир неча юзтага етган. Мутахассислар бу судралиб юрувчиларнинг айримлари ўз табиий яшаш майдонлари қисқаргани боис шимолга кўчганини, бошқалари эса инсонлар томонидан (масалан, транспорт воситаларига ёпишиб) тасодифан олиб келинганини изоҳламоқда.
Мазкур илонлар инсон соғлиғи учун хавф туғдирмаса-да, маҳаллий экотизимга таъсир кўрсатмоқда: улар бир томондан калтакесаклар сонини камайтираётган бўлса, иккинчи томондан эса экинларга зарар етказувчи кемирувчиларни йўқ қилишга ёрдам бермоқда.
Қайд этиш жоизки, ГФРнинг маҳаллий етти турдаги илони йўқолиб кетиш арафасида бўлгани учун уларни табиатда учратиш ҳали ҳам камёб ҳодиса ҳисобланади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА