“Манас” – Ўзбекистон, Хитой ва Марказий Осиёни боғловчи маънавий кўприк
Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном райони таркибидаги Қизилсув Қирғиз автоном округида “Манас” XII халқаро маданий-туризм фестивали бўлиб ўтди. 13-20 июль кунлари ташкил этилган анъанавий фестиваль туркий халқларнинг умумий маънавий меросини асраб-авайлаш, уни замонавий технологиялар орқали кенг тарғиб қилиш ҳамда халқаро маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
“Тинч Помир – мангу “Манас” шиори остида ўтган фестиваль Қизилсув халқ ҳукумати ташаббуси билан ташкил этилди. Тадбирлар асосий майдон билан бирга округнинг шаҳар ва туманларида ҳам ўтказилиб, маданий мерос, туризм ва халқ дипломатиясини уйғунлаштирган кенг қамровли дастурни ўз ичига олди.
“Манас” эпоси нафақат қирғиз халқининг бебаҳо маънавий бойлиги, балки Марказий Осиё халқларини муштарак тарих ва қадриятлар асосида бирлаштирувчи ноёб маданий мерос сифатида эътироф этилади. У Хитойнинг давлат аҳамиятига молик номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган бўлиб, 2009 йилдан буён ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий меросининг репрезентатив рўйхатидан ҳам ўрин олган. Эпос бугунги кунда Хитойнинг Шинжон ҳудуди билан бир қаторда Қирғизистон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Афғонистон ва бошқа мамлакатларда ҳам кенг тарқалган.

Фестиваль очилиш маросимида Қирғизистон Республикаси Маданият, ахборот ва ёшлар сиёсати вазирлиги вакили Мирад Сатбалдиев “Манас” Қирғизистон ва Хитойнинг умумий маданий бойлиги эканини таъкидлаб, мазкур анжуман икки мамлакат ўртасидаги маданий мулоқотни кенгайтиришга хизмат қилаётганини қайд этди. Шунингдек, у маданият ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга тайёр эканини билдирди.
Фестиваль доирасида эпосни сақлаш ва оммалаштиришга қаратилган бир қатор янги ташаббусларга старт берилди. Жумладан, “Хитойнинг юзта эпоси” лойиҳаси доирасида “Манас”нинг жонли ижросини аудио ва видео шаклида ёзиб олиш ишлари бошланди. Шу билан бирга, “Манас” театри мобил иловасини халқаро миқёсда тарғиб қилиш лойиҳаси ҳам йўлга қўйилди. Бу ташаббуслар рақамли технологиялар орқали эпоснинг янги авлодга етказилиши ва халқаро аудиторияга кенгроқ тақдим этилишига хизмат қилади.

Маросимда “Манас” маданиятини ривожлантириш бўйича етакчи хитойлик олим ва мутахассислар катта маслаҳатчи ҳамда катта илмий ходим сифатида тайинланди. Бу эса номоддий маданий меросни илмий асосда муҳофаза қилиш ва унинг брендини тизимли ривожлантиришга қаратилган доимий экспертлар механизмини шакллантиришга хизмат қилади.
Фестиваль давомида “Манас” эпосини муҳофаза қилиш, асраш ва ривожлантириш масалаларига бағишланган халқаро форум ўтказилди. Унда турли мамлакатлардан келган олимлар ва мутахассислар эпоснинг илмий тадқиқоти, унинг авлоддан авлодга етказилиши ҳамда замонавий тарғибот усуллари юзасидан фикр алмашди.
Шунингдек, турли миллатларнинг номоддий маданий мероси намуналари кўргазмалари ташкил этилди. IV ёш манасчилар танлови эса ёш ижрочиларнинг маҳоратини ошириш, ўзаро тажриба алмашиш ва эпик анъаналарнинг узвийлигини таъминлашга хизмат қилди.

Қизилсувда ўн иккинчи бор ўтказилаётган мазкур фестиваль бугунги кунда нафақат номоддий маданий меросни тарғиб қилиш, балки маданий туризмни ривожлантириш, халқлар ўртасидаги ўзаро англашувни мустаҳкамлаш ва гуманитар алоқаларни кенгайтиришнинг муҳим платформасига айланди.
Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатларда ҳам маданий-гуманитар ҳамкорлик тобора янги мазмун билан бойиб бормоқда. Икки давлат раҳбарлари белгилаб берган стратегик шериклик йўналишлари доирасида тарихий-маданий меросни асраш, туризмни ривожлантириш, халқ дипломатиясини қўллаб-қувватлаш ҳамда цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш устувор вазифалардан бири сифатида қаралмоқда. Бу жиҳатдан “Манас” фестивали каби халқаро анжуманлар минтақа мамлакатлари ўртасидаги маданий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.
Нилуфар Бозорова, ЎзА