WBA рейтинги янгиланди: Мелиқўзиев ва Шехов етакчиликни сақлаб қолди
Бутунжаҳон бокс ассоциацияси (WBA) июль ойи якунлари бўйича профессионал боксчиларнинг янгиланган рейтингини эълон қилди. Янги рўйхатдан Ўзбекистоннинг тўққиз нафар вакили ўрин олган бўлиб, улардан икки нафари ўз вазн тоифасида биринчи рақамли даъвогар мақомини сақлаб қолди. Шунингдек, истиқболли боксчимиз Руслан Абдуллаев фаолиятида илк бор WBA рейтингига киритилди.
Профессионал боксдаги ҳар бир юқори ўрин жаҳон чемпионлиги сари ташланган муҳим қадам ҳисобланади. Бутунжаҳон бокс ассоциацияси (WBA)нинг июль ойи якунлари бўйича эълон қилинган навбатдаги рейтинги Ўзбекистон профессионал боксининг халқаро майдондаги мавқеи тобора мустаҳкамланаётганини яна бир бор намоён қилди.
Янгиланган рейтингдан юртимизнинг тўққиз нафар боксчиси ўрин олди. Улар орасида Бектемир Мелиқўзиев (супер ўрта вазн) ва Муҳаммад Шехов (биринчи ярим енгил вазн) ўз вазн тоифаларида биринчи рақамли даъвогар мақомини сақлаб қолди.
Шунингдек, Муроджон Аҳмадалиев 3-ўрин, Ҳасанбой Дўсматов 6-ўрин, Исроил Мадримов 7-ўрин, Отабек Холматов ва Шаҳрам Ғиёсов 8-ўрин, Сирочбек Исмоилов 13-ўринни эгаллаб турибди. Руслан Абдуллаев эса биринчи ярим ўрта вазнда илк бор WBA рейтингига киритилиб, 13-поғонадан жой олди.
Икки нафар боксчининг чемпионлик учун биринчи рақамли даъвогар сифатида қолиши ва яна бир ўзбекистонликнинг рейтингга қўшилиши мамлакат профессионал боксида рақобат муҳити ва халқаро нуфуз тобора юксалиб бораётганининг яна бир ёрқин тасдиғи бўлди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА