Ғолиблар мусобақанинг мамлакат босқичига йўлланма олди
Андижонда “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги волейбол мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Андижон давлат тиббиёт институти спорт залида ўтказилган мусобақаларда унинг туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 16 – 21 ҳамда 22 – 30 ёш тоифаларидаги қизлар ва ўғил болалар жамоалари иштирок этиб, ғолиблик учун баҳс олиб борди.

Муросасиз баҳслар асосида ўтган ўйинларнинг якуний натижаларга кўра, 16 – 21 ёш тоифасида ўғил болалар ўртасида биринчи ўринни Избоскан тумани, иккинчи ўринни Марҳамат, учинчи ўринни Асака тумани жамоалари қўлга киритди.

Қизлар жамоалари ўртасида 16 – 21 ёш тоифасида Балиқчи тумани жамоаси биринчи, Марҳамат тумани жамоаси иккинчи, Асака тумани жамоаси учинчи ўринга сазовор бўлди.
Мусобақанинг 22 – 30 ёш тоифасидаги баҳсларда ўғил болалар ўртасида биринчи ўрин Бўстон тумани, иккинчи ўрин Избоскан тумани, учинчи ўрин Марҳамат тумани жамоаларига насиб этди. Қизлар жамоалари ўртасида эса Марҳамат тумани биринчи, Балиқчи тумани иккинчи ва Андижон шаҳри жамоаси учинчи ўринни қўлга киритди.

Мусобақанинг ғолиб ва совриндор жамоалари кубок, тегишли медаллар, диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. Ўз ёш тоифаларида ғолиб бўлган жамоалар мусобақанинг республика босқичида вилоят шарафини ҳимоя қилади.


Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари