Спорт: Устувор вазифалар муҳокама қилинди
Спорт вазирлигида аҳолини оммавий спортга кенг жалб этиш, иқтидорли ёшларни эрта аниқлаш ва спорт мактабларига селекция қилишнинг ягона тизимини жорий этиш, мураббий ва мутахассисларни натижалар асосида ҳар ойлик устамалар билан рағбатлантириш ҳамда устамаларни ҳисоблашнинг янги мезонлари таҳлил қилинди.
Йиғилиш давомида давлатимиз раҳбари томонидан жисмоний тарбия ва спорт тизимини янги босқичга олиб чиқиш борасида белгилаб берилган устувор йўналишларни жадаллаштириш, ёзги Осиё ва Параосиё ўйинларига тайёргарлиги, жорий йил 1 сентябрдан ҳудудларнинг спорт жиҳоз ва инвентарларига реал эҳтиёжи, аҳолининг муайян спорт турларига қизиқиши, қамрови, мавжуд инфратузилма, мураббийлар салоҳияти ҳамда спортчиларнинг эришган натижалари асосида ихтисослаштириш тизимини жорий этиш масалалари кўриб чиқилди.
Спорт вазирлиги Ижро аппарати раҳбари Бобур Ҳамроев ушбу масалалар юзасидан тақдимот ўтказди.
Тақдимотда спортчилар, тренерлар ва машғулотлар ҳисобини ERP Спорт ахборот тизими орқали рақамлаштириш, оммавий спорт билан қамровни баҳолашда расмий демографик ҳамда электрон тизим маълумотларидан фойдаланиш, маҳаллаларда фаолият юритаётган ўзини ўзи банд қилган мураббийларни давлат спорт тизимига интеграция қилиш бўйича белгиланган вазифалар хусусида сўз борди.
Йиғилиш якунида қарор ижросини ҳудудларда тизимли ташкил этиш, бу борада жойлардаги масъулларга қулайлик яратишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш, рақамли платформалардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш каби вазифаларни ўз муддатида бажаришни таъминлаш юзасидан тавсиялар билдирилди.
Т.Рўзиев, ЎзА