“Voice Up”: Сурхондарёда ёшлар учун янги мулоқот майдони
ФОТОРЕПОРТАЖ
Сурхондарё вилоятида ёшларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган “Voice Up” (“Фикрингни билдир”) ёшлар оромгоҳи ўз ишини бошлади. Мазкур лойиҳа Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташаббуси билан ташкил этилиб, ёшларнинг фикрини эшитиш, уларни фаол фуқаролик позициясига ундаш ҳамда лидерлик салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қилади.
Тадбир Термиз туманидаги “Марварид” дам олиш масканида ташкил этилиб, икки кун давомида ўтказилмоқда. Унда 50 га яқин фаол ўғил-қиз иштирок этиб, ўз ғоя ва ташаббуслари билан қатнашмоқда.
Ёшлар оромгоҳи вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов томонидан тантанали очиб берилди. Маросимда ҳудудда ижтимоий ҳимоя соҳасида амалга оширилаётган ишлар, айниқса, вояга етмаганлар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ҳамда ногиронлиги бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар алоҳида таъкидланди.
“Voice Up” оромгоҳи нафақат мулоқот майдони, балки амалий платформа сифатида ҳам аҳамиятлидир. Унда ёшлар ижтимоий муаммоларни аниқлаш, инновацион ғоялар ишлаб чиқиш, жамоа билан ишлаш кўникмаларини мустаҳкамлаш, лидерлик ва самарали мулоқот қобилиятларини ривожлантириш имкониятига эга бўлмоқда.
[gallery-28412]
Сурхондарёда старт олган ушбу лойиҳа ёшлар учун ўз фикрини эркин баён этиш, янги ғояларни илгари суриш ва жамият ҳаётида фаол иштирок этишга хизмат қиладиган муҳим майдон бўлиб хизмат қилмоқда.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА