Суд раислари самарали бошқарувга оид амалий тажрибага эга бўлди
Президентимизнинг “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, суд тизими учун юқори малакали ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлаш халқаро стандартлар асосида янада такомиллаштирилмоқда.
Таълим, илм-фан ва амалиёт узвийлигини таъминлаш орқали профессионал судьялар корпусини шакллантириш каби бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Фармонда суд раислари ва раис ўринбосарларининг ҳам мажбурий малакасини ошириш назарда тутилган. Шунга асосан Одил судлов академиясида Судьялар олий кенгаши ҳамда Олий суд билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда унга тенглаштирилган судларнинг раислари учун малака ошириш курслари ташкил этилди.

Жараёнга давлат идора ҳамда ташкилотлари, нуфузли давлат илмий-таълим муассасаларидан юқори малакали экспертлар жалб этилди. Жумладан, Судьялар олий кенгаши, Олий суд, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Давлат сиёсати ва бошқарув академияси, Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтининг етук мутахассислари томонидан тингловчиларга долзарб мавзуларда ўқув машғулотлари ўтказилди.
Суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, коррупцияга қарши курашишнинг замонавий ёндашувлари, суд амалиёти таҳлили, шунингдек, халқаро этикет ва хорижий ҳамкорлар билан самарали мулоқот қилиш кўникмаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича суд амалиётини чуқур таҳлил қилиш орқали малака ошириш курслари иштирокчиларининг амалий кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган амалий машғулотлар ташкил этилди.
Бундай форматдаги малака ошириш курслари суд раисларида нафақат назарий билимларини бойитиш, балки судларни самарали бошқаришга оид амалий тажрибаларини ошириш, соҳадаги илғор ёндашувларни ўзлаштириш, энг муҳими, жамиятда адолатни таъминлашга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА