Турк дунёси географлари Бухорода жам бўлди
Бухоро давлат педагогика институтида “Турк дунёси географлари халқаро III конгресси” юқори савияда ташкил этилди. Ўзбекистонда илк бор ўтказилган мазкур нуфузли анжуман дунёнинг турли бурчакларидан келган олимлар, университетлар раҳбарлари ва экспертларни бир майдонга жамлаб, бугунги глобал муаммоларга ечим излашга хизмат қилди.
Конгрессда барқарор ривожланиш, глобал иқлим ўзгариши, экологик муаммолар ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш каби долзарб масалалар юзасидан илмий муҳокамалар олиб борилди. Тадбирни институт ректори Баҳодир Маъмуров очиб берди. Шунингдек, Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов номидан йўлланган табрик нутқини унинг ўринбосари Ҳафиза Ортиқова ўқиб эшиттирди.
Анжуман доирасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Ал-Форобий номидаги қозоқ миллий университети ҳамда Бухоро давлат педагогика институти ўртасида талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинувини йўлга қўйиш, қўшма илмий тадқиқотлар ўтказишга қаратилган “йўл харитаси” имзоланди. Бу ҳужжат икки олийгоҳ ўртасидаги стратегик шерикликнинг янги босқичини белгилаб берди.
Шунингдек, Хўжа Аҳмад Яссавий номидаги халқаро қозоқ-турк университети вакиллари ҳам фаол иштирок этиб, уларнинг етакчи раҳбарларига институтнинг “Фахрий профессори” унвони тантанали равишда топширилди. Бу эса илм-фан соҳасидаги ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик рамзи сифатида баҳоланди.
Конгресс доирасида замонавий илмий тадқиқотлар, амалий семинарлар ва интерактив машғулотлар ташкил этилди. Ёш олимлар ва талабалар учун янги тажриба ва билимлар эшиги очилди. Иштирокчилар ўзаро мулоқот орқали илмий алоқаларни кенгайтириш, келгусидаги ҳамкорлик режаларини белгилаш имконига эга бўлишди.
Тадбир доирасида институтда икки янги ўқув хонаси — профессорлар Исроил Назаров ва Худойназар Ташов номидаги замонавий аудиториялар фойдаланишга топширилди. Ушбу хоналар илмий тадқиқотлар ва амалий машғулотлар учун кенг имкониятлар яратади.
Конгресс фақат илмий мулоқот билан чекланиб қолмади. Унинг доирасида “Миллий қадриятлар фестивали” ҳам ўтказилиб, миллий маданиятимизнинг бой мероси намоён этилди. Айниқса, Наврўз байрамига хос анъаналар — сумалак ва ҳалим тайёрлаш, халқ ўйинлари ва саҳна кўринишлари тадбирга алоҳида руҳ бағишлади.
Шунингдек, Гази университети профессорлари иштирокида ўтказилган учрашувлар ҳам муҳим аҳамият касб этди. Томонлар ўзаро академик алмашинув, қўшма тадқиқотлар ва ёзги мактаб дастурларини амалга ошириш бўйича келишувларга эришди.
– Бугунги анжуман нафақат илмий муҳокама майдони, балки турк дунёси олимларини бирлаштирувчи муҳим платформа бўлди, – дейди ректор Баҳодир Маъмуров. – География фани орқали биз глобал муаммоларга маҳаллий ечимлар топишга ҳаракат қилдик. Тадбирлар доирасида халқаро ҳамкорлик борасида ишларни ҳам йўлга қўйдик. Биз имзолаган келишувлар орқали талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви янги босқичга чиқади. Қўшма илмий лойиҳалар кўпаяди, таълим сифати янада ошади. Энг муҳим жиҳати — ёшлар халқаро муҳитни ҳис қилади. Улар янги ғоялар, замонавий ёндашувлар билан танишади. Бу эса келажакда рақобатбардош мутахассислар етишиб чиқишига замин яратади.
[gallery-28415]
“Турк дунёси географлари халқаро III конгресси” Бухорода илмий ҳаётнинг янги босқичга кўтарилаётганини яна бир бор намоён этди. У нафақат география соҳасидаги долзарб муаммоларни муҳокама қилиш, балки халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, таълим ва илм-фан интеграциясини чуқурлаштиришга хизмат қилади.
Энг муҳими, мазкур анжуман ёш авлод учун янги имкониятлар эшигини очади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА