Вазир соврини учун китобхонлик танловига старт берилди
Ёш авлоднинг китобга меҳрини ошириш, мутолаа маданиятини юксалтириш ва китобхонликни ҳаёт тарзига айлантиришга қаратилган ташаббуслар мамлакатимизда изчил давом этмоқда.
Бу борада Президент ташаббуси билан бошланган Миллий китобхонлик ҳаракати доирасида ўқувчилар ўртасида янги танлов йўлга қўйилди.
Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманидаги 91-мактабда Мактабгача ва мактаб таълими вазири соврини учун китобхонлик танловига тантанали старт берилди.

Тадбирда Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Фарҳод Боқиев, соҳа масъуллари ҳамда ўқувчи-ёшлар иштирок этди.
Маълум қилинишича, мазкур танлов жорий йил август ойида Тошкент шаҳридаги Президент, ижод, ихтисослаштирилган ҳамда умумий ўрта таълим мактабларининг 7–10-синф ўқувчилари ўртасида ўтказилади.

Танлов икки ёш тоифаси — 7–8-синф ва 9–10-синф ўқувчилари ўртасида ташкил этилади. Иштирокчилар иншо ёзиш ҳамда “Мен ўқиган китоб” мавзусида тақдимот қилиш шартлари бўйича ўз билим ва ижодий салоҳиятларини намоён этади.
Ҳар икки ёш тоифасидан жами 10 нафар ғолиб — 7–8-синфдан 5 нафар ва 9–10-синфдан 5 нафар ўқувчи хорижий давлатга таълим саёҳати йўлланмаси билан тақдирланади.

Шунингдек, танлов иштирокчилари орасидан ҳудудлар кесимида Миллий китобхонлик ҳаракати тарғиботчилари клублари ташкил этилиб, улар орқали турли маънавий-маърифий лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган.
Мазкур танлов ёшларни мутолаага кенг жалб қилиш, уларнинг ижодий ва таҳлилий фикрлаш қобилиятини ривожлантириш ҳамда мамлакатимизда китобхон авлодни тарбиялашга хизмат қиладиган муҳим лойиҳалардан бири сифатида эътироф этилмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА