Қонун устувор
Табиат – келажак авлодга қоладиган энг бебаҳо меросдир. Ёввойи ҳайвонот дунёсини асраш, биохилмахилликни муҳофаза қилиш ҳамда экологик мувозанатни сақлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Шу боис мамлакатимизда ноқонуний ов қилишга қарши кескин чоралар кўрилмоқда ва қонун талабларини бузган ҳар бир шахсга нисбатан муқаррар жавобгарлик қўлланилмоқда. Бу эса юртимизда қонун устуворлиги таъминланаётганининг яна бир амалий ифодасидир.
Ана шундай ҳолатлардан бири Бухоро вилоятининг Қоровулбозор туманида қайд этилди. Туманнинг “Имом Бухорий” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги чўл массивида ўтказилган тезкор рейд тадбири давомида фуқаро З.С. ов қилиш тақиқланган даврда ноқонуний равишда ов қилаётган вақтида аниқланди.
Ҳолат юзасидан тегишли тартибда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 90-моддаси 4-қисми асосида маъмурий баённома расмийлаштирилди. Йиғилган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун Жиноят ишлари бўйича Когон туман судига тақдим этилди.
Суд иш материалларини ҳар томонлама ўрганиб, қонун талабларидан келиб чиққан ҳолда фуқарони ҳуқуқбузар деб топди. Якуний қарорга кўра, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида, яъни 20 миллион 600 минг сўм жарима тайинланди. Шунингдек, ҳуқуқбузарликни содир этишда фойдаланилган ов қуроли давлат фойдасига мусодара қилинди.
Мазкур ҳолат қонунни четлаб ўтишга уриниш жазосиз қолмаслигини, табиатга нисбатан бепарволик ва ноқонуний овчиликка нисбатан муросасиз муносабат шаклланганини яна бир бор намоён этди. Табиат бойликлари алоҳида шахснинг эмас, бутун жамиятнинг умумий бойлиги ҳисобланади. Уни муҳофаза қилиш эса ҳар бир фуқаронинг нафақат ҳуқуқий, балки маънавий бурчидир.
Қонун устувор бўлган жамиятдагина адолат қарор топади, табиат муҳофаза қилинади ва келажак авлод учун соғлом экологик муҳит сақлаб қолинади. Шунинг учун ҳар бир фуқаро овчилик қоидаларига қатъий риоя қилиши, табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлиши ва қонун талабларини сўзсиз бажариши зарур. Зеро, қонунга ҳурмат Ватанга, табиатга ва келажакка ҳурмат демакдир.
Зариф Комилов, ЎзА