“Омбудсман мактаби”: ҳуқуқий маданиятни янада юксалтирмоқда
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, унинг қадр-қиммати ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мезонига айланди. Давлат сиёсатида “Инсон қадри учун” тамойили устувор аҳамият касб этаётган бир шароитда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва жазони ижро этиш муассасалари ходимларининг ҳуқуқий билимини ошириш, уларда инсонпарварлик ва қонунга ҳурмат тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслар тобора кенгайиб бормоқда.
Айнан шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили Абира Ҳусейнова ташаббуси билан “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида қатор муҳим ҳуқуқий-маърифий тадбирлар ташкил этилди.
Лойиҳа доирасида 1, 17 ва 20-сонли жазони ижро этиш колониялари ҳамда 4-сонли тергов ҳибсхонаси маъмурияти ходимлари иштирокида ўқув-мулоқотлар ўтказилди. Уларда Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши депутати Дилором Аҳмедова ҳамда “Юксалиш” ҳаракати Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Ҳасан Бобожоновлар ҳам иштирок этишиб, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг долзарб масалалари юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Тадбирлар давомида иштирокчиларга “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳияти атрофлича тушунтирилди. Шунингдек, Омбудсман институтининг қийноқлар ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазоларнинг олдини олиш борасидаги ваколатлари ва амалий фаолияти ҳақида қонунчилик асосида батафсил маълумотлар берилди.
Мулоқотларда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ҳар бир мансабдор шахснинг шахсий масъулияти экани алоҳида урғуланди. Жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналарида сақланаётган маҳкум ва маҳбусларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳурмат қилиш, уларга нисбатан ҳар қандай руҳий, маънавий ёки жисмоний босимга мутлақо йўл қўймаслик қонуннинг қатъий талаби экани таъкидланди.

Шунингдек, мамлакатимизда инсон қадри энг олий қадрият сифатида эътироф этилгани, мазкур конституциявий тамойил барча давлат органлари қатори ёпиқ муассасалар фаолиятида ҳам сўзсиз таъминланиши лозимлиги қайд этилди. Тадбирлар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича ҳуқуқий тушунтиришлар олиб, амалий фаолиятда учраётган масалалар юзасидан фикр алмашди.
“Омбудсман мактаби” лойиҳаси фақат жазони ижро этиш муассасалари билан чекланиб қолмади. Лойиҳа доирасида Бухоро шаҳридаги ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган “Ғамхўрлик” марказида ҳам ҳуқуқий-маърифий тадбир ташкил этилди. Унда муассаса ижтимоий ходимларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг руҳий ҳолати бузилган, ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган фармонининг мазмун-моҳияти кенг тушунтирилди. Шу билан бирга, мазкур йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ижтимоий хизматлар сифатини ошириш ва эҳтиёжманд шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

“Омбудсман мактаби” лойиҳаси ҳуқуқий билимларни ошириш билан бирга, инсон ҳуқуқларига ҳурмат, адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилаётган муҳим ташаббусдир. Зеро, инсон қадри таъминланган, ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинган жамиятдагина ҳақиқий адолат ва тараққиёт қарор топади. Бу эса Янги Ўзбекистоннинг инсонпарвар давлат сифатидаги қиёфасини янада мустаҳкамлаб, қонун устуворлигини ҳаётнинг барча соҳаларида таъминлашга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА