“Uzbekistan Airports”да Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги кенг нишонланди
Буюк бобокалонимиз, давлат арбоби ва саркарда Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан Тошкент халқаро аэропортида “Куч адолатдадир” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Давра суҳбатида тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент Раъно Ўрозова иштирок этиб, Соҳибқирон Амир Темурнинг жаҳон тамаддунидаги ўрни, Темурийлар даврида илм-фан, маданият ва санъатнинг юксалиши ҳақида батафсил маъруза қилди.

Тадбир якунида иштирокчилар ўртасида мавзуга оид викторина ташкил этилди. Савол-жавобларда фаол иштирок этган ходимлар эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Тадбирнинг иккинчи қисми Тошкент халқаро аэропортининг учиб кетиш залида бўлиб ўтди. Бу ерда йўловчиларга Амир Темур ҳаёти ва фаолиятига оид саволлар берилиб, мамлакатимиз меҳмонларига эсдалик совғалар улашилди.


Бундай ташаббуслар нафақат тарихий меросни тарғиб қилиш, балки миллий ғурур ва ватанпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА