Дилларда яшайди Қодирий бобом
Тарих саҳифаларини варақлаганингизда, айрим исмлар оддий ёзув эмаслигини ҳис қиласиз. Улар қоғозда эмас, қалбингизда акс этади. Уларни ўқимайсиз — уларни ҳис қиласиз. Ана шундай номлардан бири — Абдулла Қодирий.
Абдулла Қодирий нафақат адиб, балки бир даврнинг виждони, бир миллатнинг уйғониш қўнғироғи, бир халқнинг ўзлигини излаш йўлидаги жасур йўлбошчиси эди. Унинг ҳаёти — кураш, унинг ижоди — фидойилик, унинг тақдири эса, оғриқли ҳақиқатлар билан йўғрилган буюк қисматдир.

Абдулла Қодирийни англаш учун аввало, унинг яшаган даврини ҳис қилиш керак. Зулмат билан ёруғлик курашган, жаҳолат билан маърифат тўқнашган, миллат ўзини излай бошлаган давр эди. Ана шундай мураккаб замонда Қодирий сукутни танламади. У жим турмади. У ёзди ва тенгсиз ижоди орқали кўнгиллардан жой эгаллади.
Унинг шахсиятида икки куч мужассам эди: нозик қалб ва мустаҳкам ирода. У бир томондан муҳаббатни, гўзалликни, инсонийликни улуғлай олган бўлса, бошқа томондан жамиятдаги чиркинликларни, адолатсизликларни кескин фош эта олган.
Қодирий ижоди ўзбек адабиётида янги даврнинг бошланишидир. У ўзбек романчилигига асос солди, бадиий тафаккурга янги нафас олиб кирди. “Ўткан кунлар” бу нафақат биринчи ўзбек романи, балки миллатнинг ўзини англаш йўлидаги бадиий инқилобдир. Адиб асар орқали тарихни тирилтирди. Ўқувчини ўша даврга олиб кирди. Ҳар бир образ — жонли, ҳар бир воқеа — ишонарли, ҳар бир изтироб — ҳақиқий акс эттирилди. Абдулла Қодирий бу асар орқали миллат тараққиёти учун аввало, тафаккур ўзгариши кераклигини илгари сурди.
Абдулла Қодирий ўзбек адабиётига нафақат асарлар, балки йўналиш олиб кирди. У китобни оддий ўқувчи учун тушунарли, аммо чуқур маъноли қилди. Бугунги адабиётнинг кўп жиҳатлари айнан Қодирий асос солган йўлдан келиб чиққанини инкор этиб бўлмайди. У миллатни уйғотиш йўлида ижод қилди. У одамларни жаҳолатдан маърифат сари етаклашга уринди.
Бугун биз тезкор замонда яшаяпмиз. Ахборот кўп, имкониятлар кенг. Ана шундай мураккаб даврда ёшлар учун йўл кўрсатадиган, ички мезон берадиган сиймоларга эҳтиёж янада кучли. Абдулла Қодирий ана шундай йўлчи юлдузлардан биридир. Қодирий ижоди ёшлар учун бу ўрнак. Бугун Абдулла Қодирий сиймоси нафақат китобларда, балки ҳаётимизда ҳам улуғланмоқда. Асарлари қайта-қайта нашр этилмоқда, саҳналаштирилмоқда, ёшлар томонидан севиб ўқилмоқда. Бу — унинг ижоди ўтган замонга тегишли эмаслигини, балки бугун ҳам долзарб эканини исботлайди.
Абдулла Қодирий тарих саҳифаларида қолиб кетган сиймо эмас. У ҳар бир уйғонган фикрда, ҳар бир жасур қарорда, ҳар бир рост сўзда яшайди. Чунки, буюк ижодкорлар ўлмайди — улар халқининг виждонига айланади. Қодирий эса айнан шундай виждондир.
Аҳрор Равшан,
журналист