Туркий халқларни бир-бирига яқинлаштирган театр фестивали
Бобур номли Андижон вилояти мусиқали драма театрида IV TURKSOY халқаро театр фестивалининг очилишида “Бобур соғинчи” спектакли намойиш этилди.
Андижон – туркий дунёнинг маданият пойтахти мақоми доирасида ўтказилаётган IV TURKSOY халқаро театр фестивали очилишига бағишланган тадбирда юртимиз, шунингдек, Қозоғистон, Туркия, Озарбайжон, Туркманистон ва Қирғиз давлатларидан ташриф буюрган театр жамоалари, театршунослар, ТУРКСОЙга аъзо давлатлар маданият ва санъат ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбир аввалида намойиш этиладиган спектаклларни баҳолаб борувчи ҳакамлар ҳайъати аъзолари ҳамда иштирокчи театр жамоалари даврага таклиф қилиниб, кенг жамоатчиликка таништирилди.


Шундан сўнг тадбирда сўз олган Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари Рустамжон Эгамбердиев, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Нодирбек Сайфуллаев, ТУРКСОЙ бош котиби Султан Раев ўтказилаётган тадбирлар, хусусан, театр фестивали туркий халқларнинг бой маданий мероси ва театр санъати анъаналарини уйғунлаштириш, ижодий алоқаларни ҳамда театр жамоалари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янада юқори босқичга кўтариш, театр санъати орқали туркий халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлаб, фестиваль иштирокчиларига ижодий муваффақиятлар тилади.
– Андижонда ўтаётган тадбирлар, хусусан, театр фестивали, шубҳасиз, туркий халқларни, театр жамоаларини бир-бирига янада яқинлаштиради, – дейди Туркманистон бош академик драма театри режиссёри Мекан Жумабоев. – Қолаверса, фестиваль театр жамоаларига ўзаро ижодий тажриба алмашиш, ҳамкорликни йўлга қўйиш имконини беради. Энг асосийси, қардош халқлар дўстлигини, ҳамжиҳатлигини янада мустаҳкамлайди.


Дарҳақиқат, ўтказилаётган халқаро театр фестивали туркий халқларнинг бой санъати, миллий қадриятлари ва кўп асрлик театр анъаналарини кенг намоён этиш, ижодкорлар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда халқлар ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.


Фахриддин Убайдуллаев,
Зухриддин Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлар