Она тилимиз жонкуяри, санъат дарғаси
Она тилимизнинг софлигини, халқона руҳини ва миллий қадриятларимизни асрашда устоз санъаткорларнинг ҳам ҳиссаси беқиёс. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Роза Каримова она тилимизнинг ўзига хос жозибаси, халқона ифода усуллари ва миллийлигимизни асраб-авайлашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган фидойи санъаткорлардан биридир.
Ўзбекистон Давлат сатира театрида устоз санъаткор Роза Каримова таваллудининг 90 йиллигига бағишланган ижодий кеча бўлиб ўтди. Мазкур тадбир санъаткорнинг сермазмун ижодий йўли, миллий театр санъати ривожига қўшган ҳиссаси ва халқимиз қалбидан жой олган образларини ёдга олишга бағишланди.
Ўзбек санъати тарихида шундай истеъдод соҳиблари борки, уларнинг ижоди, саҳнадаги бетакрор образлари ва самимий кулгиси халқ хотирасида алоҳида ўрин эгаллайди. Ана шундай санъаткорлардан бири севимли актрисамиз Роза Каримовадир.
Роза Каримова ҳақида сўз борганда, кўпчиликнинг кўз олдида телевизион миниатюралар театридаги унутилмас саҳналар, ҳаётий ҳажвий лавҳалар ва Эргаш Каримов билан биргаликдаги чиқишлар гавдаланади. Уларнинг экрандаги ижроси томошабинларга завқ бағишлаб, хонадонларга кулги ва қувонч олиб кирган. Роза опанинг табиий ижроси, образ яратиш маҳорати ва ўзига хос саҳнавий жозибаси уни мухлисларга янада яқин қилган.
Роза Каримованинг ижодий фаолиятида телевизион миниатюралар театри алоҳида ўрин тутади. У кичик ҳажмли, аммо мазмунан теран ва ёдда қоларли роллари билан томошабинлар эътиборини қозонган. Унинг ижросидаги қаҳрамонлар ҳаётимизда учрайдиган инсонларга шу қадар яқин эдики, томошабинлар уларда ўз ҳаётидан лавҳаларни кўргандек бўларди. Актриса кулги орқали инсонларнинг феъл-атвори, турмушдаги айрим камчиликлар ва ҳаётий ҳақиқатларни маҳорат билан очиб берарди. Айниқса, 1971 йилда яратилган «Учрашув» телевизион фильмидаги ижроси унинг актрисалик маҳоратини намоён этган ижодий ишларидан бири сифатида ёдда қолган.
Роза опанинг ижодий йўли телевизион саҳналар билангина чекланиб қолмаган. У Ўзбекистон Давлат сатира театрида ҳам фаолият юритиб, театр санъати ривожига ўз ҳиссасини қўшган. Саҳнадаги тажрибаси, ҳажвий образларни ишонарли гавдалантириши ва томошабин билан тил топиша олиш маҳорати унинг серқирра истеъдодини намоён этган.
Роза Каримова ижодининг яна бир муҳим жиҳати — халқона тил ва миллий ифодага бўлган эътибори. Унинг қаҳрамонлари орқали халқимизнинг турмуш тарзи, муомала маданияти, ҳазил-мутойибага мойиллиги ва ўзига хос дунёқараши намоён бўлади. Зеро, она тилининг бойлигини саҳнада жонли намоён этиш, унинг табиийлиги ва халқчиллигини авлодларга етказиш ҳам катта санъат.
Ҳажв санъати кулдириш орқали ўйлантириш, оддий воқеалар ортидаги ҳақиқатни кўрсата билиш санъатидир. Роза Каримова айнан шу жиҳатлари билан томошабинлар меҳрини қозонган. Унинг ижодий ҳамкорликлари, саҳнадаги самимияти ва санъатга бўлган садоқати ўзбек театри ҳамда телевидениеси тарихида ўзига хос из қолдирган.
Ижодий кечада Роза Каримованинг миллий театр санъатимиз равнақига қўшган ҳиссаси, яратган образлари ва кўп йиллик ижодий фаолияти ҳақида батафсил сўз юритилди. Устоз санъаткорнинг ижодига бағишланган хотиралар, самимий эътирофлар ва эзгу тилаклар тадбирга алоҳида файз бағишлади.
Бундай учрашувлар нафақат устозларга ҳурмат ифодаси, балки ёш авлод учун ҳам катта ибрат мактабидир. Зеро, миллий санъатимиз равнақига умрини бағишлаган ижодкорларни эъзозлаш, уларнинг бой тажрибаси ва маънавий меросини асраб-авайлаш барчамизнинг бурчимиз.
Роза Каримова – халқона санъат, самимий кулги ва миллий қадриятлар тарғиботига муносиб ҳисса қўшган ижодкор. Унинг санъатга садоқати, она тилимизга бўлган эътибори ва томошабинларга улашган қувончи барчамиз учун қадрли. Устоз санъаткорлар бор экан, миллий санъатимиз анъаналари, она тилимизнинг жозибаси ва халқона руҳимиз ҳамиша яшайверади.
Н.Усмонова,
ЎзА