Театр жамоалари ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилади
Андижон - туркий дунёнинг маданият пойтахти мақоми доирасида Халқаро туркий маданият ташкилоти - ТУРКСОЙга аъзо давлатлар маданият ва санъат вакиллари иштирокидаги тадбирлар давом этмоқда.
Бугун Турксой халқаро театр фестивали доирасида Андижон мусиқали драма театрида Қирғиз Республикасининг Токтагул Азибаев номидаги Олой мусиқали драма театри жамоаси томонидан “Соғинч” номли спектакль намойиш этилди.
Намойишдан сўнг томошабинларда катта таассурот қолдирган ушбу спектакль ҳакамлар ҳайъати, мутахассислар иштирокида муҳокама қилинди.


Куннинг иккинчи ярмида эса XII ТУРКСОЙ театр раҳбарларининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Қозоғистон, Туркия, Озарбайжон, Туркманистон ва Қирғиз давлатларининг театр санъати соҳаси вакиллари иштирок этди.
Йиғилиш туркий халқларнинг бой маданий мероси ва саҳна санъати анъаналарини ўзаро уйғунлаштириш, ижодий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда театр санъатининг истиқболларини белгилаш йўлидаги муҳим мулоқот майдонига айланди.
Йиғилиш давомида туркий халқлар театр жамоалари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янада юқори босқичга кўтариш, театрлар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, замонавий саҳна ижодининг долзарб масалалари, томошабинга манзур бўладиган, одамларни тафаккурини юксалтиришга, мушоҳада қилишга чорлайдиган асарларни яратиш, туркий халқлар театр санъати анъаналарини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.


Шунингдек, соҳадаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан амалий таклиф, фикр ва мулоҳазалар илгари сурилди. Йиғилишда театр санъати халқларни бирлаштирувчи, маънавиятни юксалтирувчи, миллий қадриятларни улуғловчи ҳамда туркий халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарни мустаҳкамловчи энг муҳим восита эканлиги таъкидланди.

ТУРКСОЙ тадбирлари доирасидаги театр жамоаларининг спектакль намойишлари, театр соҳаси вакилларининг учрашуви туркий халқлар ўртасидаги маданий ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш, театр санъатини янги ижодий ғоялар ва ҳамкорлик ташаббуслари билан бойитишга хизмат қилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зухриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари