Тошлоқ: аграр тумандан саноат маркази сари (+видео)
Бир неча йиллар аввал Тошлоқ аграр тармоққа таянган туман эди. Пахтани қайта ишлаш корхонасини ҳисобга олмаса, саноат, боғдорчилик, хизмат кўрсатиш соҳалари драйвер бўлолмаган. Бугун эса Тошлоқ Фарғона вилоятининг йирик саноат марказларидан бирига айланди.
– Туманимизда фаолият кўрсатаётган саноат корхоналарининг сони 242 тани ташкил этади. Улар томонидан 2025 йилда 2 триллион 188 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. 2026 йилда саноат маҳсулотлари ҳажми 111 фоизга ошиши, ҳажмини эса 2 триллион 700 миллиард сўмга етказиш устида ишлаяпмиз, – дейди Тошлоқ тумани ҳокимлигининг бош мутахассиси Иқболжон Мирзараҳмонов. – Бунинг учун барча саноат корхоналари фаолияти мунтазам равишда ўрганиб бориляпти ва муаммолари юзасидан ёрдам кўрсатилмоқда.

Тўғри, Тошлоқда тўқимачилик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, энергетика ва металлургия корхоналари ишлаб турибди. Аммо энг муҳими, у каттами, кичикми фаолият юритаётган бўлиши лозим. Масалан, мана бу “Шукруллох тараққиёти” хусусий корхонасини олайлик. Тумандаги саноат зонасидан мўъжазгина ер олиб, пластмасса буюмлари ишлаб чиқариш заводини қурди. Ҳозир бу ерда 14 га яқин ёшлар меҳнат қилмоқда. Унинг маҳсулотларини Фарғонанинг ҳар бир хонадонида учратасиз. Чунки у сифатли, арзон ва чидамли.
– Ҳозир 30 турдан зиёд маҳсулот ишлаб чиқарамиз, – дейди “Шукурулло тараққиёти” хусусий корхонаси иш юритувчиси Беҳзод Топволдиев. – Уларни асосан ички бозорга етказиб беряпмиз. Бу йилги товар айланмаси шу кунгача 2,5 миллиард сўмга етди. Яна 10 турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган. Хитойдаги ҳамкорларимизга уларнинг қолиплари юзасидан буюртмалар берганмиз. Шундай қилиб, йил охирига қадар маҳсулот турлари кескин кўпаяди.

Хом-ашёдан тадбиркорнинг муаммоси йўқ. Ўзбекистон заводларидан исталган турдаги гранулаларни келтириш мумкин. Замонавий дастгоҳ ва жиҳозлар Германия ҳамда Хитойдан олиб келинган. Тайёр маҳсулот эса харидоргир.
– Корхонамиз 2026 йилнинг ўзида 350 миллион сўмдан зиёдроқ солиқ тушумлари тўлади, – дейди Беҳзод Топволдиев.

Тошлоқда ҳозир иккита саноат зонаси фаолият юритмоқда. Уларнинг бири “Тараққиёт” деб номланади ва бу ерда йирик лойиҳалар амалга ошириляпти.
– Тумандаги саноат зоналарига жами 120 гектар ер ажратилган. Барча инфратузилма шароитлари яратилган, – дейди Иқболжон Мирзараҳмонов. – “Тараққиёт” кичик саноат зонасида металлургия заводининг янги лойиҳаси ишга туширилмоқда. Унинг қиймати 120 миллион долларни ташкил этади. Унга кўра 500 та ишчи ўрни яратилади. Лойиҳанинг биринчи босқичи шу йил ишга тушади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/bfngGJnvAOY" title="Faoliyat yuritayotgan kichik korxonalar" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео), ЎзА