Ғофур Холназаров Гуанчжоуда ўтказилган халқаро касбий маҳорат танлови совриндори бўлди
Бу ҳақда “Иссиқлик электр станциялари” АЖ ахборот хизмати хабар берди. Унда маълум қилинишича, яқинда Хитой Халқ Республикасининг Гуанчжоу шаҳрида Осиё давлатлари ҳамда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)га аъзо мамлакатлар энергетика соҳаси мутахассислари иштирокида халқаро касбий маҳорат танлови бўлиб ўтди.
Мусобақада “Иссиқлик электр станциялари” АЖ Сирдарё ИЭС филиали электр цехи бошлиғи ўринбосари Ғофур Холназаров муносиб иштирок этиб, 24 нафар иштирокчи орасида фахрли иккинчи ўринни қўлга киритди. Бу натижа нафақат мутахассиснинг шахсий маҳорати, балки мамлакатимиз энергетика соҳасида кадрлар тайёрлаш тизими ва амалий тажрибанинг юқори даражада эканини ҳам намоён этди.
Танлов доирасида Ғофур Холназаров “110 кВ юқори кучланишли кабель линияларида синов ишлари ва кабель муфталарини монтаж қилиш” йўналишида ўз салоҳиятини намойиш этди. Иштирокчилар кабель линияларидаги носозликларни аниқлаш, кабель параметрларини белгилаш, юқори кучланишли кабель муфталарини монтаж қилиш, шунингдек, меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги талабларига риоя қилиш бўйича баҳоланди.

Мусобақа Осиё давлатлари ва ШҲТга аъзо мамлакатлар энергетика соҳаси вакиллари ўртасида илғор тажриба алмашиш, замонавий технологияларни ўзлаштириш ҳамда халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилди. Якуний натижаларга кўра, биринчи ўрин Хитой Халқ Республикаси вакилига насиб этган бўлса, иккинчи ўринни Ўзбекистон вакили – Сирдарё ИЭС мутахассиси Ғофур Холназаров эгаллади.
– Бу халқаро танлов мен учун катта тажриба мактаби бўлди. Турли давлатлардан келган юқори малакали мутахассислар билан бир майдонда беллашиш, уларнинг иш услуби ва ёндашувлари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдим. Эришган ушбу натижа нафақат менинг шахсий ютуғим, балки мамлакатимиз энергетика соҳаси мутахассисларининг юқори касбий салоҳияти ва тайёргарлиги эътирофи, деб ҳисоблайман. Бу ерда орттирган билим ва амалий тажрибамни Сирдарё ИЭСдаги фаолиятимда самарали қўллаб, электр тармоқларининг ишончлилиги ва хавфсизлигини янада ошириш, илғор технологияларни ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш йўлида астойдил сафарбар қиламан, – деди Ғ.Холназаров.

Таъкидлаш керакки, мазкур ютуқ ўзбекистонлик энергетикларнинг халқаро майдонда ҳам юксак касбий тайёргарликка эга эканини яна бир бор исботлади. Бундай натижалар соҳада илғор технологияларни кенг жорий этиш, халқаро тажриба алмашиш ва энергетика тармоғини янада ривожлантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятли.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА