"The Drive of Реасе" халқаро электромобиль экспедицияси Хивада
Жорий йил 4 июль санасидан Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб ҳаракатланишни бошлаган “The Drive of Реасе” халқаро электромобиль экспедицияси делегатлари Хоразмда бўлди.
Электр ва гибрид автомобилларда амалга оширилаётган мазкур саёҳат нафақат тарихий Буюк Ипак Йўли меросини қайта кашф этиш, балки мамлакатимизнинг бой маданий ва туристик салоҳиятини бутун дунёга намойиш этиш учун ҳам муҳим имконият яратмоқда.
– Лойиҳанинг Ўзбекистон босқичи мамлакатимизнинг жаҳон туристик харитасидаги нуфузини янада оширишга хизмат қилади, – дейди Хива шаҳар ҳокими Темур Давлетов. – Чунки, экспедиция таркибида турли давлатлардан экспертлар, олимлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари мавжудлиги ва улар томонидан Ўзбекистон ҳақида тайёрланадиган материаллар дунёнинг турли мамлакатларида кенг тарғиб қилиниши кутилмоқда. Бу эса мамлакатимизга бўлган қизиқишнинг ортиши, янги туристик бозорларга чиқиш ҳамда хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтиришга хизмат қилади.
[gallery-30284]
Ташриф доирасида меҳмонлар учун Ичан қалъа бўйлаб экскурсия ташкил этилиб, уларга Хиванинг бой тарихий-маданий мероси, меъморий обидалари ва туризм салоҳияти ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Учрашув давомида Хоразмнинг инвестицион имкониятлари, туризмни ривожлантириш ҳамда истиқболдаги ҳамкорлик лойиҳалари юзасидан ўзаро фикр алмашилди. Делегация аъзолари Хиванинг тарихий қиёфаси ва сайёҳлик инфратузилмасини юқори баҳолади.
– Қарийб 43 кун давомида Европа ва Осиёни боғлайдиган 15 минг километрлик маршрут бўйлаб ҳаракатланадиган халқаро электромобиль экспедицияси Римдан бошланиб, Гонконггача етиб боради, – дейди Xiaomi компанияси ҳаммуассиси Ҳонг Фенг. – Ўзбекистон ушбу йўналишнинг энг муҳим ва қизиқарли босқичларидан бири бўлиб, бу манзил шунчаки танлангани йўқ. Бу танлов ушбу мамлакатнинг Буюк Ипак йўли цивилизациясидаги тарихий ўрни ва замонавий туризм марказига айланаётганини яна бир бор тасдиқлайди. Экспедициямиз иштирокчилари Нукус, Хива, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида бўлиб, Ўзбекистоннинг маданий мероси, меъморий обидалари, миллий анъаналари ва замонавий инфратузилмаси билан танишади. Куни кеча Орол денгизи ҳудуди, Мўйноқ, Қизилқум чўли каби ноёб манзилларда бўлдик.
Мазкур лойиҳа орқали Ўзбекистоннинг бой маданий мероси билан бир қаторда, унинг саргузашт, экологик ва автомобиль туризми учун ҳам катта салоҳиятга эга мамлакат эканини дунёга намойиш этиш мақсад қилинган. Бу эса келгусида мамлакатимизга ташриф буюрувчи хорижий сайёҳлар сонининг ортиши, янги туристик маҳсулотлар шаклланишига хизмат қилиб, туризм иқтисодиёти ривожига муносиб ҳисса қўшади.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари