Тошкентда Амир Темур таваллудига бағишланган ҳарбий тадбир ўтказилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Пойтахтимизда буюк давлат арбоби ва саркарда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан ҳарбий бўлинмалар иштирокида тантанали пиёда юриш тадбири ташкил этилди.
Тонгги соат 08:00да Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети ҳудудидан бошланган тантанали пиёда юриш тадбири 12:30 га қадар давом этди. Ҳарбий хизматчиларнинг бир маромдаги қадам ташлаши, юқори интизоми ва тайёргарлиги тадбирга алоҳида шукуҳ бағишлади.
Йўналиш давомида ҳарбийлар дастлаб Паркент ва Мустақиллик кўчалари бўйлаб ҳаракатланиб, Амир Темур хиёбони ҳудудига етиб келди. Пойтахт аҳолиси ва меҳмонлар ҳарбийларни қизғин олқишлар билан кутиб олди. Бу ерда тарихимиз ва буюк аждодларимиз меросини ифода этувчи маданий ва ҳарбий дастурлар намойиш этилди, ўша давр ҳарбий санъати ва маданияти ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Тадбир доирасида Амир Темур даврига хос қурол-аслаҳа ва либослар намойиши, театрлаштирилган чиқишлар, фахрий қоровул жамоасининг чиқишлари ҳамда қўл жанги усталарининг кўргазмали машқлари ўтказилди. Шунингдек, ҳарбий оркестр томонидан дефиле намойишлари ҳам ташкил этилди.
[gallery-28559]
Мазкур тадбир нафақат тарихий санага бағишланган байрам, балки ёш авлодни миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбида ватанпарварлик, фидойилик ва миллий ғурур туйғуларини кучайтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятли. Айниқса, ёшлар ва талабаларнинг фаол иштироки тадбирнинг маънавий-тарбиявий аҳамиятини янада оширди.
Ҳарбий бўлинмалар белгиланган йўналиш бўйлаб ҳаракатланиб, Мустақиллик ва Темирйўл кўчалари орқали бошланғич нуқтага қайтди.
Таассуротларга бой тадбир юксак савияда, тартиб-интизом асосида ва кўтаринки руҳда якунланди.
Камола Юсупова,
Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА