Молия секторида истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимояси такомиллаштирилмоқда (+видео)
Бугунги кунда молия бозоридаги жадал ўзгаришлар, айниқса рақамли хизматлар ва онлайн тўловлар кўламининг кенгайиши истеъмолчилар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишни янада долзарб масалага айлантирмоқда. Шу сабаб, соҳада аниқ қоидалар ва самарали механизмларга асосланган ягона ёндашувни шакллантириш муҳим аҳамият касб этади.
Рақобат қўмитаси Германиянинг “German Sparkassenstiftung for International Cooperation” ташкилоти билан ҳамкорликда молия секторида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бағишланган халқаро семинар ўтказди. Унда рақамли технологиялар ва онлайн тўловлар жадал ривожланаётган шароитда соҳадаги долзарб вазифалар, шунингдек, Қўмита томонидан амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритилди.
Семинарда Ўзбекистонда молиявий истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қонунчиликни такомиллаштириш, халқаро тамойилларни миллий шароитга мослаштириш, назорат ва жавобгарлик механизмларини кучайтириш, аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш каби йўналишлар асосида янги кодекс лойиҳасини ишлаб чиқиш юзасидан фикр билдирилди.
Муҳокамалар давомида молиявий маҳсулотлар бўйича тушунарли ва очиқ маълумот тақдим этиш, мижозларга нисбатан шаффоф ва инсофли муносабатни таъминлаш, шахсий маълумотлар хавфсизлигини кучайтириш, самарали мурожаатлар тизимини жорий этиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, қоидабузарликлар учун аниқ жавобгарлик белгилаш ҳамда онлайн кредит ва финтех хизматлари учун алоҳида талаблар жорий этиш бўйича таклифлар илгари сурилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/5NZp0F_0Tro" title="Moliya sektorida iste’molchilar huquqlari himoyasi takomillashtirilmoqda " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова, О.Давронов (видео), О.Пардаев (сурат), У.Тўхтаев (монтаж), ЎзА