Зилзила қурбонлари хотирасига бағишланган халқаро анжуман ўтказилди
Тошкент шаҳрида дунё амалиётида илк бор нишонланаётган “Халқаро зилзила қурбонларини хотирлаш куни” муносабати билан нуфузли халқаро анжуман бўлиб ўтди. Мазкур ташаббус 2025 йил 29 апрель куни БМТ Бош Ассамблеясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган эди.
Анжуманда 30 га яқин хорижий давлатлардан 100 дан ортиқ мутахассис ва экспертлар иштирок этди. Тадбирда вазирлик ва идоралар раҳбарлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашиб, сейсмик хавфсизликни таъминлаш масалалари юзасидан фикр алмашди.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Жалол Арашов ўз маърузасида мамлакатимизда қурилиш соҳаси жадал ривожланаётгани шароитида сейсмик хавфсизлик ва зилзилабардош қурилиш масалалари устувор аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
Қайд этилганидек, бугунги кунда ушбу соҳани тартибга солишда Шаҳарсозлик кодекси, “Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида”ги қонун ҳамда шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Сўнгги йилларда давлат раҳбари томонидан қабул қилинган қатор фармон ва қарорлар соҳани янада такомиллаштиришга хизмат қиляпти.

Мазкур ҳужжатлар асосида сейсмология, қурилиш соҳаларида илмий-тадқиқот ишлари кенгайтирилиб, бинолар мустаҳкамлигини ошириш, сейсмик хавфни мониторинг қилиш ва қурилиш жараёнлари устидан назоратни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ҳукумат топшириғига мувофиқ, 2025 йилдан буён 12 мингга яқин биноларнинг техник ҳолати ўрганилди. Ушбу жараён изчил давом эттирилиб, 2030 йилга қадар барча кўп қаватли турар жой ва жамоат бинолари тўлиқ хатловдан ўтказилиши режалаштирилган.

Шунингдек, қурилиш соҳасида шаффофликни таъминлаш мақсадида “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими жорий этилган бўлиб, унда ташкилотлар рейтинги шакллантирилади. Юқори хавфли ва мураккаб объектларни қуриш фақат юқори рейтингли ташкилотларга ишониб топширилади.
Мутахассислар томонидан таъкидланганидек, қурилиш жараёнида назорат тизими тўрт босқичда амалга оширилиб, бу бинолар сифатини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Анжуман доирасида АҚШ, Европа Иттифоқи ва Япония каби ривожланган давлатларнинг илғор тажрибалари ўрганилиб, халқаро илмий ташкилотлар вакиллари томонидан тақдимот ва маърузалар тақдим этилди.
Таъкидлаш жоиз, мазкур анжуман сейсмик хавфсизлик соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илмий ёндашувларни кенгайтириш ҳамда қурилиш соҳасини янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА