Тошкентда 3 ойда 32,4 минг нафар чиптасиз йўловчи жаримага тортилди
2026 йилнинг январь–март ойлари давомида Тошкент шаҳри автобусларида йўл ҳақини тўламаган 32,4 минг нафар йўловчига нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. Бу ҳақда Транспорт назорати инспекцияси хабар берди.
Маълум қилинишича, инспекция ходимлари «Тошкент шаҳар йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш» давлат муассасаси билан ҳамкорликда жамоат транспортида мунтазам рейд тадбирларини ўтказмоқда. 2026 йилнинг дастлабки уч ойида жами 32 минг 450 та қоидабузарлик ҳолати аниқланиб, улар бўйича маъмурий чоралар кўрилган.
Қайд этилишича, автобусларда тўлов тизими ҳамда инспекторлар фаолияти рақамлаштирилган. Шунингдек, айрим йўналишларда кучайтирилган назорат жорий этилган. Йил бошидан буён 28 та автобус йўналишида текширувлар ўтказилиб, натижада электрон тўловлар сони ошгани қайд этилган.

Инспекция йўловчиларни жамоат транспортидан фойдаланишда белгиланган қоидаларга риоя қилиш ва йўл ҳақини ўз вақтида тўлашга чақирди.
Эслатиб ўтамиз, январь ойида 11 минг 502 нафар, февраль ойида эса 10 минг 280 нафар йўловчи автобусда чиптасиз ҳаракатлангани учун жаримага тортилган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 144-моддасига мувофиқ, жамоат транспортида йўл ҳақини тўламаган йўловчига БҲМнинг 1/10 қисми — 41 минг 200 сўм миқдорида жарима қўлланилади.

Маълумотларга кўра, чиптасиз юриш учун жарима қўллаш амалиёти 2025 йил 14 мартдан бошланган. Шунингдек, 2025 йилда Тошкент шаҳрида автобусларда йўловчи ташишдан тушган даромад 16 фоизга ошиб, 644 миллиард сўмни ташкил этган. Автобуслар ҳаракат интервали 18–20 дақиқадан 8–10 дақиқагача қисқарган, кунлик йўловчилар сони эса 650 мингдан 1,4 миллион нафаргача ошган.
Ш.Маматуропова, ЎзА