“Kitobxon Kids” – билим ва тафаккур танлови
ФОТОРЕПОРТАЖ
Термиз шаҳридаги Ёшлар марказида “Kitobxon Kids” танловининг Сурхондарё вилояти ҳудудий босқичи бўлиб ўтди. Танлов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 15 январдаги китобхонлик маданиятини ривожлантиришга қаратилган қарори ижроси доирасида амалга оширилди.
Танловнинг ўзига хос жиҳати шундаки, барча жараёнлар замонавий ёндашув асосида – “Mutolaa” мобиль иловаси орқали ўтказилди. Бу эса иштирокчилар билимини баҳолашда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш билан бирга, рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш имконини берди.
Беллашувлар 7–10 ва 11–14 ёш тоифасида ташкил этилди. Иштирокчилар белгиланган вақт давомида тест ва квест топшириқларини бажариб, ўз билим ва тафаккур даражасини намоён этди.
[gallery-29106]
Якуний натижаларга кўра, кичик ёш тоифасида Сарварбек Эшназаров, катта ёш тоифасида эса Аниса Соатмуродова энг юқори натижани қайд этиб, танловнинг кейинги босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Ғолиблар ҳамда барча иштирокчилар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Танлов ёшларда китобхонликка бўлган муҳаббатни кучайтириш, уларнинг фикрлаш доирасини кенгайтириш ва интеллектуал салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА