Тадбиркорлар ҳимояси йўлидаги ҳамкорлик
Бугун иқтисодиётимизнинг муҳим сектори бўлган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, улар учун қулайликлар яратишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Бу борада Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал демократик партияси ҳам ўз дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, тадбиркорлик субъектларига мадад бўлишга интилиб келади. Шунингдек, тадбиркорлар ҳимоясида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бизнес-омбудсман институтининг ўрни ва иштироки ҳам алоҳида аҳамиятга эга.
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида ЎзЛиДеП ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бизнес-омбудсман девони ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар берди. Партиянинг “Халқ билан бирга” лойиҳаси доирасидаги мазкур ҳамкорлик мамлакатимиздаги ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга хизмат қилади.

Меморандум доирасида тадбиркорлар мурожаатларини тезкор кўриб чиқиш, “тезкор ҳуқуқий ҳимоя” тизимини жорий этиш, ишбилармонлар манфаатларини ҳимоя қилишда парламент ва маҳаллий Кенгаш депутатлари имкониятларини сафарбар қилиш каби аниқ вазифалар белгиланди.
Шунингдек, амалдаги қонунчиликни таҳлил қилиш, тадбиркорликка тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этиш ҳамда қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш назарда тутилган.

Бундан ташқари, ёшлар ва аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, IT, финтех, “яшил иқтисодиёт” ва стартаплар соҳасида инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари сифатида белгилаб олинди. Шу билан бирга, жойларда тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлар ўтказиш, халқаро тажрибани ўрганиш, семинар ва анжуманлар ташкил этиш орқали тадбиркорларнинг билим ва кўникмаларини ошириш режалаштирилган.
Мазкур Ҳамкорлик меморандуми тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоялаш, соҳадаги муаммоларни тизимли ҳал этиш бўйича ҳуқуқий механизмларни такомиллаштиришга хизмат қилади.
М.Комилова,
ЎзА