Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Нурафшон шаҳрида Бутунжаҳон атроф-муҳитни ҳимоялаш куни муносабати билан экологик акция ўтказилди. Тадбир доирасида шаҳар бўйлаб мингта қуш уяси ўрнатилиши режалаштирилган.
Тадбирда иштирок этган шаҳар ҳокими И. Қличханов ушбу ташаббуснинг аҳамиятига тўхталар экан, уни ёшларда табиатга меҳр ва масъулиятни шакллантиришга хизмат қилаётган муҳим қадам сифатида баҳолади. Мақсад ҳудудда қушлар ва инсонлар учун қулай экологик муҳит, барқарор экотизим яратишдир.

Мутахассислар томонидан волонтёрларга амалий кўрсатмалар берилди. Шундан сўнг волонтёр ёшлар, экофаоллар томонидан шаҳар бўйлаб қуш уялари ўрнатилди.
***
Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари Тошкент вилоят ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда Юқори Чирчиқ туманида синтетик гиёҳвандлик воситалари тарқалишига қарши тезкор тадбир ўтказилди.

Унда олдиндан тезкор кузатувга олинган транспорт воситаси тўхтатилиб текширилганида автомашина салонида икки фуқаро томонидан олиб кетилаётган икки ўрамда оғирлиги 2 килограмм 524 грамм синтетик гиёҳвандлик воситаси ҳамда алоҳида қутиларда жами 928 дона тамаки маҳсулотлари борлиги фош этилди.

Ҳозир ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
***
Тошкент вилояти ҳокимлигида Президентимиз ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган таркибда ўтказилган йиғилишида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш масалаларига бағишланган Тошкент ҳарбий округи сайёр ҳарбий кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда белгиланган устувор вазифаларни жойларда самарали ташкил этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, “Бир миллион дастурчи” ҳамда “Беш миллион сунъий интеллект етакчиси” дастурлари доирасида 5 минг нафар ҳарбий хизматчиларни замонавий ахборот технологиялари ва сунъий интеллект йўналишларида ўқитишни ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган ёшлар билан манзилли ишларни ташкил этиш, уларни жамиятда ўз ўрнига эга бўлиши, бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка жалб этиш, касб-ҳунарга ўқитиш орқали ҳаётда мустаҳкам ўрин топишига кўмаклашиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
А. Мусаев, ЎзА