Давлатобод туманида 24/7 сервис кўчасини барпо этиш ишлари давом этмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Давлатобод туманида транспорт инфратузилмасини янада ривожлантириш, аҳоли учун қулай ва хавфсиз ҳаракатланиш шароитларини яратиш мақсадида 24/7 сервис кўчасини барпо этиш лойиҳаси доирасида қурилиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.
Айни кунларда “Юксалиш” массивини Аҳсикент даҳасининг айланма йўли билан боғловчи D110 “Тўрақўрғон – Наманган – Чортоқ – Кесканёр” автомобиль йўлининг 15–22-километрлар оралиғидаги 6,4 километр қисми реконструкция қилинмоқда.
Хусусан, “Юксалиш” массиви чорраҳасидан Орзу маҳалласи чорраҳасигача бўлган ҳудудда йўл қурилиши ва реконструкция ишлари амалга оширилаяпти. Қурилиш майдонида махсус техникалар ва малакали мутахассислар томонидан ер ишлари, йўл пойдеворини тайёрлаш ҳамда бошқа зарур ишлар белгиланган режа асосида бажарилмоқда.
[gallery-30293]
Қурилиш ишлари билан танишиш мақсадида Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов объектга ташриф буюрди. Вилоят раҳбари амалга оширилаётган ишлар сифати, қурилиш суръатлари ва белгиланган муддатларга алоҳида эътибор қаратиб, аҳоли ҳамда транспорт воситалари қатнови учун янада қулай ва хавфсиз шароитлар яратиш, ҳудуд инфратузилмасини замонавий талаблар асосида шакллантириш юзасидан масъулларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берди.
Лойиҳа тўлиқ якунлангач, мазкур йўлнинг ўтказувчанлик қуввати сезиларли даражада ошади ва кунига 50 мингтагача автотранспорт воситасининг узлуксиз ҳаракатланиши таъминланади. Шунингдек, ушбу йўлдан мунтазам фойдаланувчи 82 минг нафардан ортиқ аҳоли учун янада қулай ва хавфсиз ҳаракатланиш имконияти яратилади.
Мазкур лойиҳа Давлатобод туманида замонавий транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, логистика имкониятларини кенгайтириш, ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ҳамда аҳолининг турмуш сифатини юксалтиришга хизмат қилади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА