Тажриба ҳамкорликка уланди
Гулистон давлат педагогика институти профессор-ўқитувчилари ва талабаларидан иборат делегациянинг Хитой Халқ Республикасидаги халқаро стажировка дастури муваффақиятли якунланди. Бир ой давом этган илмий-амалий дастур натижасида икки олий таълим муассасаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Делегация жорий йилнинг 1–28 июнь кунлари Хитойнинг Венчжоу шаҳрида жойлашган Wenzhou Vocational College of Science and Technology базасида ташкил этилган халқаро ўқув дастурида иштирок этди. Дастур давомида профессор-ўқитувчилар ва талабалар замонавий таълим технологиялари, илмий тадқиқотлар, инновацион ишланмалар ҳамда амалий таълим тажрибаси билан яқиндан танишдилар.
Стажировка якунида ўтказилган расмий учрашувда икки олий таълим муассасаси раҳбарияти таълим, илм-фан, инновациялар, академик алмашинув ва қўшма таълим дастурларини амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилди.

Хитойлик ҳамкорлар Ўзбекистон билан олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик изчил ривожланаётганини таъкидлаб, Гулистон давлат педагогика институти билан ўзаро алоқаларни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканликларини билдиришди.
Институтнинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Нурбек Аяқулов Хитойлик ҳамкорларга самимий қабул, стажировка дастурининг юксак савияда ташкил этилгани ҳамда иштирокчилар учун яратилган замонавий шарт-шароитлар учун миннатдорлик билдирди.

— Ушбу стажировка биз учун ҳақиқий тажриба мактаби бўлди. Делегация аъзолари замонавий ўқув бинолари, илмий лабораториялар ва инновацион марказлар фаолияти билан яқиндан танишдилар. Айниқса, таълим жараёнининг назария ва амалиёт уйғунлиги асосида ташкил этилгани катта таассурот қолдирди. Бу тажрибаларни институтимиз фаолиятига татбиқ этиш таълим сифати ва илмий салоҳиятни янада юксалтиришга хизмат қилади, — деди Нурбек Аяқулов.
Учрашув якунида имзоланган ҳамкорлик меморандумига мувофиқ, ҳар йили 50 нафарга яқин профессор-ўқитувчи ва талабанинг академик алмашинув дастурларида иштирок этиши, қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш, малака ошириш курсларини ташкил этиш ҳамда инновацион таълим лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.

Стажировка дастури назарий ва амалий машғулотларни қамраб олди. Хусусан, ҳашарот намуналарини тайёрлаш технологиялари, кино ва телевидение соҳасида визуал эффектлар яратиш, рақамли контент ишлаб чиқиш каби замонавий йўналишлар бўйича амалий дарслар ташкил этилди. Бу машғулотлар иштирокчиларнинг касбий билим ва кўникмаларини янада бойитишга хизмат қилди.
Шунингдек, делегация аъзолари Хитойнинг бой миллий маданияти ва анъаналари билан ҳам яқиндан танишдилар. Миллий шер рақси ҳамда лакли рассомлик санъатига бағишланган амалий машғулотлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

— Мазкур халқаро стажировка нафақат иштирокчиларнинг касбий салоҳиятини ошириш, балки Ўзбекистон ва Хитой олий таълим муассасалари ўртасидаги илмий-академик ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, қўшма таълим дастурлари ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш учун мустаҳкам замин яратди. Бу ҳамкорлик келгусида ҳар икки муассаса учун янги имкониятлар эшигини очишига ишонамиз, — дейди Нурбек Аяқулов.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири