Пахта толаси савдоси билан боғлиқ йирик қонунбузилиш ҳолати фош этилди
Сирдарё вилоятида пахта толаси савдоси билан боғлиқ йирик қонунбузилиш ҳолати фош этилди.
Рақобат қўмитасининг вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан олиб борилган ўрганишлар давомида “WHITE GOLD KLASTER” МЧЖ томонидан катта ҳажмдаги маҳсулот белгиланган тартибга зид равишда сотилгани маълум бўлди.
Аниқланишича, корхона 5 минг тоннадан ортиқ пахта толасини биржа савдоларисиз, тўғридан-тўғри шартномалар асосида реализация қилган. Ушбу битимлар қиймати эса 104 миллиард сўмдан ошиб кетган. Амалдаги тартибга кўра, юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотлар очиқ биржа савдолари орқали сотилиши шарт ҳисобланади.
Мутахассислар таҳлилига кўра, мазкур маҳсулотлар биржада шаклланган ўртача котировка нархларидан юқори баҳоларда сотилган. Натижада корхона 700 миллион сўмдан ортиқ миқдорда асоссиз даромад олган.

Мазкур ҳолат Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 мартдаги 170-сонли қарори билан тасдиқланган Низом ҳамда “Рақобат тўғрисида”ги қонун талабларига зид деб баҳоланди. Шу асосда Рақобат қўмитасининг ҳудудий махсус комиссияси томонидан корхонага нисбатан иш қўзғатилиб, белгиланган тартибда молиявий жарима қўлланилди.
Шу билан бирга, қонунбузилиш оқибатларини бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича корхонага мажбурий кўрсатмалар берилган.
Бундай назорат тадбирлари ички бозорда шаффофликни таъминлаш, рақобат муҳитини сақлаш ва нархлар сунъий оширилишининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.
Н.Раҳмонова, ЎзА