Тошкентда чанг-тўзон кузатилмоқда
Сўнгги кунларда кузатилаётган ҳаво ўзгаришлари муносабати билан мутасадди идоралар аҳолини эҳтиёткор бўлишга чақирмоқда.
Айрим ҳудудларда ҳаво сифати ёмонлашиб, чанг заррачалари миқдори ортди.
Махсус комиссиянинг маълум қилишича, бугун ҳам пойтахт ҳудудида қисқа муддатли чанг-тўзон ҳодисалари кузатилиши эҳтимоли сақланиб қолмоқда.
Жаҳон метеорология ташкилотининг Чанг-қум бўронлари бўйича Пекин минтақавий маркази ҳамда Ўзгидромет прогнозларига кўра, Тошкент шаҳри ҳудудига нам ҳаво массалари кириб келиши олдидан қисқа муддатли чанг-тўзон ҳодисалари юзага келиши мумкин.
Мутахассислар аҳолига заруратсиз ҳолларда очиқ ҳавода узоқ вақт бўлмаслик, айниқса, нафас йўллари касалликлари бор фуқаролар, ёши катталар ва болаларга эҳтиёт чораларини кўришни тавсия этмоқда. Шунингдек, имконият бўлса, дераза ва эшикларни ёпиқ сақлаш ҳамда ҳимоя ниқобларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ экани таъкидланди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА