Танлов ёшлар орзуларига қанот бағишламоқда
Янги Ўзбекистонда ёшларнинг касб-ҳунар эгаллаши, замонавий мутахассис сифатида шаклланиши ва халқаро меҳнат бозорида рақобатбардош кадрлар бўлиб етишишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан касбий таълим тизими тубдан такомиллаштирилиб, амалий кўникмаларни ривожлантириш, меҳнат бозори талабларига мос малакали мутахассислар тайёрлаш устувор вазифага айланди. Бу йўналишда ташкил этилаётган нуфузли танловлар ёшларнинг истеъдоди ва маҳоратини намоён этиш билан бирга, уларнинг келажакда муносиб касб эгаси сифатида юксалишига хизмат қилмоқда.
Ана шундай муҳим лойиҳалардан бири — Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказилаётган “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари – 20262 касбий маҳорат миллий танловининг республика босқичи Бухоро шаҳрида юқори савияда старт олди.
Танловнинг республика (учинчи) босқичида “Қуруқ қурилиш ва сувоқ ишлари” ҳамда “Ошпазлик иши” йўналишлари бўйича мамлакатимизнинг энг иқтидорли ёшлари ўзаро беллашмоқда.
“Қуруқ қурилиш ва сувоқ ишлари” йўналишидаги мусобақалар Олимпия захиралари коллежи биносида, “Ошпазлик иши” йўналишидаги баҳслар эса Бухоро шаҳар 1-сон техникумида бир вақтнинг ўзида бошланди.

Танлов майдонлари замонавий талаблар асосида жиҳозланиб, иштирокчилар учун тенг ва шаффоф рақобат муҳити яратилди.
Бу йилги республика босқичида “Қуруқ қурилиш ва сувоқ ишлари” йўналишида 51 нафар, “Ошпазлик иши” бўйича эса 67 нафар ёш иштирок этмоқда. Жами 118 нафар иқтидорли йигит-қиз Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳри номидан иштирок этмоқда.

Улар бу босқичга осонликча етиб келгани йўқ. Ҳар бири аввал туман (шаҳар), сўнгра вилоят босқичларида энг яхши натижаларни қайд этиб, республика финалига йўлланмани қўлга киритган. Иштирокчилар билан бирга уларнинг амалиёт устозлари ҳам мусобақада қатнашиб, ёшларнинг маҳорати ортида устоз меҳнати ва тажрибаси мужассам эканини яна бир бор намоён этишмоқда.
Танловнинг энг муҳим жиҳатларидан бири — баҳолаш тизимининг халқаро талаблар асосида ташкил этилганидир. Барча ишлар “WorldSkills” халқаро стандартлари бўйича тайёргарликдан ўтган малакали экспертлар томонидан баҳоланмоқда. Шаффофлик ва холисликни таъминлаш мақсадида мустақил апелляция комиссияси ҳам фаолият юритмоқда. Бу эса ҳар бир иштирокчининг меҳнати адолатли баҳоланишига хизмат қилади.

Ғолибларни эса нафақат юксак эътироф, балки салмоқли рағбат ҳам кутмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 8 апрелдаги қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ, республика босқичида 1-ўрин (олтин медаль) соҳиби БҲМнинг 20 баравари, унинг амалиёт устози эса 100 баравари, 2-ўрин (кумуш медаль) соҳиби БҲМнинг 15 баравари, устози 80 баравари, 3-ўрин (бронза медаль) соҳиби БҲМнинг 10 баравари, устози эса 60 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади.
Энг муҳими, республика босқичи ғолиблари мамлакатимиз терма жамоаси таркибида “WorldSkills International” халқаро чемпионатида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўлга киритади.
Бу билан имкониятлар чекланмайди. Агар ёш мутахассис халқаро чемпионатда ғолибликни қўлга киритса, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 2500 баравари, яъни 1 миллиард 30 миллион сўм, уни тайёрлаган амалиёт устозига эса 185 миллион 400 минг сўм миқдорида пул мукофоти тақдим этилади. Бу мамлакатимизда меҳнат, иқтидор ва касбий маҳоратига берилаётган юксак эътиборнинг ёрқин ифодасидир.

Президентнинг 2025 йил 23 октябрдаги ПҚ–316-сонли қарори асосида йўлга қўйилган мазкур миллий танлов ёшларнинг касб-ҳунарга қизиқишини кучайтириш, ўрта бўғин мутахассислари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, шунингдек, уларнинг ички ва ташқи меҳнат бозорида юқори даромадли иш ўринларини эгаллаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
Бухорода ўтаётган “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари – 2026” танлови шунчаки мусобақа эмас, балки юксак маҳорат, интилиш ва келажакка ишонч майдонидир. Бу ерда ҳар бир иштирокчи нафақат ғолиблик учун, балки ўз орзуси, касби ва Ватан келажаги учун курашмоқда. Бугун устахона ва ошхонада маҳоратини намоён этаётган бу ёшлар эртанги кунда мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтирувчи, халқаро майдонларда Ўзбекистон байроғини баланд кўтарувчи ҳақиқий бунёдкорларга айланиши шубҳасиз. Бухоро эса яна бир бор иқтидорлар камол топадиган, орзулар ҳақиқатга айланадиган маскан эканини амалда намоён этмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири