Хорижий атамаларнинг она тилимиздаги муқобиллари
Мамлакатимизда кейинги йилларда она тилимизни асраб-авайлаш ва уни янада ривожлантиришга долзарб масала сифатида алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада турли хорижий тиллардан ўзлашган сўзларнинг ўзбекча муқобилларини илмий асосда ишлаб чиқиш ва уларни халқимизга тақдим этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Айтиш жоизки, бугунги мураккаб глобаллашув шароитида ҳар бир халқ ўз тилининг софлигини сақлашга устувор вазифалардан бири сифатида ёндашмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 20 октябрдаги «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан тасдиқланган 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепциясида илмий асосланган янги сўз ва атамаларни мунтазам равишда расмий муомалага киритиб бориш вазифаси белгиланган.
Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атамалар комиссияси томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, яқинда комиссия томонидан ўзбек тили қоида ва меъёрлари асосида шакллантирилган ҳамда расмий муомалага киритиладиган 41 та янги сўз ва атаманинг рўйхати эълон қилинди.
Ушбу рўйхатнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, ундан ижтимоий тармоқлар, тиббиёт, технология ва хизмат кўрсатиш соҳаларида кенг қўлланиладиган атамалар ўрин олган.
Янги тартибга кўра, кундалик ҳаётда фаол ишлатиладиган қатор халқаро атамалар миллий муқобиллари билан алмаштирилади. Хусусан, интернет ва рақамли технологиялар соҳасидаги «эможи» сўзи ўрнига «ҳисбелги», «хештег» ўрнига «калитсўз», «вебинар» ўрнига эса «вебйиғин» атамаси тавсия этилди. Маркетинг соҳасидаги «бренд» тушунчаси энди «хосном» деб юритилади. Иш билан бандлик соҳасидаги «фрилансер» сўзи эса расмий ҳужжатларда «эркин ишчи» шаклида қўлланилади.
Рўйхатдан техник ва маиший соҳаларга оид атамалар ҳам ўрин олган. Жумладан, тиббиётдаги «брекет» тушунчаси «тишсим», «симптом» эса «белги» ёки «аломат» сифатида қайд этилган. Маиший техникадаги «миксер» қурилмаси «қорғич», «датчик» мосламаси эса «сезгич» деб номланади. Шунингдек, хизмат кўрсатиш ва туризм соҳасидаги «хостел» сўзи ўрнига «қўноқуй», савдодаги «распродажа» ўрнига «арзонсотув» атамасини қўллаш белгиланди.
Маданий ҳаёт ва хизмат кўрсатиш соҳасида ҳам қатор ўзгаришлар назарда тутилган. Хусусан, театр ва саҳна санъатидаги «суфлёр» касби эгалари расмий равишда «шивирчи» деб аталади. Шунингдек, «банкет» тушунчаси ўрнига «зиёфат», «антракт» ўрнига эса «танаффус» атамаси тасдиқланди.
Бундан ташқари, кундалик турмуш ва қурилиш соҳасида кенг қўлланиладиган айрим атамалар ҳам миллийлаштирилди. Жумладан, санитария-техника воситаси ҳисобланган «раковина» сўзи ўрнига «чаноқ» атамаси расмий муомалага киритилди.
Янгиланган рўйхатда замонавий технологиялар ва энергетика соҳасидаги халқаро атамалар ҳамда қисқартмаларнинг миллий муқобиллари ҳам акс этган. Хусусан, Электр энергиясини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими — АСКУЭ эса эндиликда EHNAT (энергия ҳисоби ва назоратининг автоматлаштирилган тизими) қисқартмаси шаклида қўлланади.
Иш юритиш ва лойиҳаларни бошқариш тизимида кенг ишлатиладиган «дедлайн» атамаси расмий муомалада «сўнгмуддат» сифатида мустаҳкамланди. Шунингдек, айрим оммавий ахборот воситалари, расмий ҳужжатлар ва интернет сайтларида кенг қўлланиладиган «комментарий» тушунчаси ўзбек тили қоидаларига мувофиқ «изоҳ» шаклида расмийлаштирилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай ўзгаришлар дунёнинг кўплаб мамлакатларида миллий тил софлигини сақлаш ва терминологияни бойитиш мақсадида мунтазам амалга ошириб келинмоқда. Янги атамаларнинг жорий этилиши хорижий сўзларни бутунлай истеъмолдан чиқаришни эмас, балки расмий иш юритиш ва қонунчилик ҳужжатларида ягона лингвистик тизимни шакллантиришга хизмат қилади.
Назокат Усмонова, ЎзА