Бишкекда ШҲТ доирасида журналистлар форуми бўлди
ШҲТ ташкил топганининг 25 йиллигини нишонлаш доирасида Бишкекда унга аъзо ва кузатувчи давлатлар журналистларининг йирик форуми бўлиб ўтди.
Уни Хитой Давлат ахборот бюроси ҳамкорлигида Қирғизистон Республикаси “Учжоу” халқаро коммуникациялар Маркази, ХХРнинг Чжэцян провинцияси маданият, телевидение, радио, кино ва туризм департаменти ҳамда Қирғизистон Миллий телерадиокомпанияси “ШҲТ йўлидан: ўзаро манфаатли ҳамкорлик тажрибаси” шиори остида ташкил этди.


Форумда ШҲТ бош котибининг ўринбосари Пу Яньфан, Қирғизистон Республикаси бош вазири ўринбосари Улан Маматканов, Қирғизистон Республикаси Жоқари Кенгаши раисининг ўринбосари Болат Ибрагимов, Хитой Халқ республикаси Давлат Кенгашининг матбуот қўмитасининг директори Мо Гаои, элчилар, вазирлар, ШҲТга аъзо ва кузатувчи давлатлар ОАВлари вакиллари иштирок этди.


Унинг ишини очиб берган Қирғизистон бош вазирининг ўринбосари Улан Маматканов бундай мулоқот замон зарурати туфайли юзага келди, чунки биз иқтисодий ҳамкорликни юқори даражага олиб чиқдик. Эндиги навбат инсонпарварлик лойиҳаларига, жумладан, халқлар, инсонларнинг бир-бирига ишончини мустаҳкамлашга қаратилади, деди.

Форумнинг расмий очилиш маросимида сўзга чиққан Қирғизистон Республикасининг собиқ Президенти Роза Отанбоева шундай деди:
– 90 йилларнинг ўрталарида давлатлараро ишонч ва иқтисодий ҳамкорлик жуда муҳим эди. Биз эҳтиёткорлик билан ШҲТни туздик. Бугун иқтисодий муносабатлар юқори даражада. Орадан 25 йил ўтди. Эндиги вазифа халқлар, одамлар ўртасида бир-бирига ишончни мустаҳкамлаш. Мен кўпроқ ёшлар қўшни мамлакатларда ўқишини истайман. Шунда улар ўша давлат халқлари турмуш тарзини чуқур ўрганади ва келажакда улар ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Форум доирасида журналистлар ҳамкорлигининг турли йўналишларида ўзаро шартномалар тузилди. Янги лойиҳаларга старт берилди.

Музокара столларида ўзаро тажриба алмашилди ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Муҳаммаджон Обидов, ЎзА мухбири
ШҲТ га аъзо давлатлар журналистларининг Бишкек медиафорумидан.