Сурхондарёдаги 135 та жоме масжидда ҳайит намози адо этилди
Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳри ва туманларидаги жоме масжидлари эрта тонгдан мўмин-мусулмонлар билан гавжум бўлди. Улар бугунги тинч-тотув ва тўкин турмушга шукрона келтириб, эзгу тилак ва ниятлар билан Қурбон ҳайити намозини ўқиди.
Термиз шаҳридаги Ҳаким Термизий жоме масжидида Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда диний-маърифий соҳада юз бераётган ўзгаришлар ҳақида атрофлича сўз юритилди. Муқаддас айём кунлари аҳолинининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган юксак эътибор ва кўрсатилаётган меҳр-саховат тўғрисида фикр алмашилди. Бундай улуғ амаллар халқимиз ўртасида миллатимизга хос ҳамжиҳатлик, меҳр-шафқат, бағрикенглик каби юксак фазилатларни янада кенг намоён этаётгани таъкидланди.

Қурбон ҳайити муносабати билан вилоятдаги 135 та жоме масжидида амалга оширилган ибодатларда 200 мингга яқин намозхон иштирок этиб, Ватанимиз тинчлиги, элимиз фаровонлиги, дастурхонларимиз тўкинлиги ва юртимиз тараққиёти учун дуога қўл очди.
Воҳада бу йилги ҳайит айёми нафақат диний маросим, балки меҳр-мурувват, саховат ва баҳамжиҳатлик байрами сифатида ҳам кам таъминланган, ногиронлиги бор ва эҳтиёжманд инсонлар, беморлар қалбидан чуқур жой олмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига мувофиқ вилоятда кенг қамровли ижтимоий қўллаб-қувватлаш тадбирлари амалга оширилмоқда. Хусусан, қутлуғ ҳайит муносабати билан 642 нафар болада жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, уларда ногиронликнинг олди олинадиган бўлди. 647 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг депозит ҳисобларига қўшимча 200 доллардан маблағ ўтказилди. 138 нафар онкологик, гематологик ва онкогематологик беморларнинг ташхислаш ҳамда даволаш харажатлари қопланиб, 10 нафар беморда жигар ва буйрак трансплантацияси бўйича жарроҳлик амалиётлари молиялаштирилди. Шунингдек, “ижтимоий реестрга” киритилган 20 минг 139 та оилага озиқ-овқат маҳсулотлари тўплами топширилди.

Қурбон ҳайити намози якунлангач, мўмин-мусулмонлар бир-бирларини байрам билан табриклаб, эзгу тилакларини билдирди.

Вилоятда меҳр-саховат, бағрикенглик тадбирлари давом этмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири