Меҳр ва саховат кўрсатилди
“Муборак Қурбон ҳайити муносабати билан аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва меҳр-саховат тадбирларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги Президент қарори ижроси доирасида юртимизнинг барча ҳудудларида кенг қамровли хайрли ишлар амалга оширилмоқда.
Ана шундай эзгу тадбирлардан бири Бухоро вилоятининг Когон туманида ҳам ташкил этилди. Қурбон ҳайити муносабати билан “Вақф” хайрия жамоат фонди маблағлари ҳисобидан шакллантирилган озиқ-овқат маҳсулотлари тўпламлари ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга етказиб берилди. Ушбу хайрия акцияси доирасида жами 330 нафар эҳтиёжманд аҳоли вакили қамраб олинди. Уларнинг 56 нафари якка-ёлғиз кекса, 274 нафари эса “Ижтимоий реестр”га киритилган ҳамда давлат томонидан қўллаб-қувватланаётган оилалар аъзосидир.
Туман маҳаллаларида фаолият юритаётган “маҳалла еттилиги” вакиллари хонадонма-хонадон юриб, фуқароларнинг ҳолидан хабар олди, уларга байрам совғалари ҳамда самимий тилаклар етказилди. Бу каби ташаббуслар нафақат моддий кўмак, балки инсон қалбига меҳр ва эътибор улашиши билан ҳам аҳамиятли бўлди.
Хайрия тадбирлари давомида туманда яшовчи Хосият ая Шучаковага ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Узоқ йиллардан буён ёлғиз умр кечириб келаётган ушбу кекса онахонанинг соғлиғи ва яшаш шароити маҳалла ижтимоий ходими томонидан атрофлича ўрганилди. Юрак-қон томир тизими билан боғлиқ сурункали касалликлар ва бошқа хасталиклар сабабли кундалик ҳаётда қийналаётган Хосият аяга “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида ижтимоий хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилди.
Натижада у уй шароитида тиббий-ижтимоий реабилитация ҳамда уйда қараб туриш хизматлари билан қамраб олинди. Шунингдек, унинг ҳаракатланишини енгиллаштириш мақсадида ролатор тақдим этилди. Мазкур реабилитация воситаси онахонанинг мустақил ҳаракатланиши, кундалик эҳтиёжларини ўзи бажариши ва очиқ ҳавода сайр қилиши учун қулай имконият яратди.

Эътиборлиси, кўрсатилаётган ғамхўрлик ва яратилган шароитлар Хосият аянинг руҳий ҳолатига ҳам ижобий таъсир кўрсатди. У давлат ва жамият томонидан кўрсатилаётган меҳр ва эътибор учун самимий миннатдорлик билдириб, бундай ғамхўрлик инсонга куч ва яшашга ишонч бағишлашини таъкидлади.

Қурбон ҳайити муносабати билан амалга оширилган тадбирлар доирасида яна бир муҳим ташаббус ҳаётга татбиқ этилди. Туманда оғир хасталиклардан азият чекаётган 10 нафар бемор боланинг ота-оналарига махсус даволаниш ва жарроҳлик амалиётлари учун ваучерлар топширилди. Бу эса болажонларнинг малакали тиббий хизматлардан фойдаланиши, зарур муолажа ва операцияларни ўз вақтида амалга ошириши учун муҳим имконият яратди.

Бундай хайрли ишлар халқимизга хос меҳр-оқибат, саховат ва инсонпарварлик фазилатларини янада мустаҳкамламоқда. Энг муҳими, ёрдамга муҳтож инсонлар ўзларини жамият эътиборидан четда эмаслигини, давлат доимо улар билан эканини чуқур ҳис этмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири