Нукусда экологик фестиваль ўтказилди
Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги марказий боғда “Бизни бирлаштирган сайғоқ” ёшлар экологик фестивали бўлиб ўтди.
Тадбир “Сайғоқ куни”га бағишланган тадбирлар туркумига якун ясади ҳамда Халқаро биохилма-хиллик кунига бағишланди.

Фестиваль Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси, Қорақалпоғистоннинг қўриқланадиган табиий ҳудудлари ходимлари, “Сайғоқни сақлаш альянси” халқаро ташкилоти, “Экомактаб” нодавлат нотижорат ташкилоти волонтёрлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Зоология институти экспертлари кўмагида ташкил этилди.

Маълумот учун, бундан роппа-роса 20 йил аввал “Сайғоқ куни” илк бор Устюрт мактабларида Зоология институти олимлари ташаббускор гуруҳи, “Экомактаб” нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамда “Сайғоқларни муҳофаза қилиш иттифоқи” халқаро ташкилоти кўмагида ўтказилганди. Ўтган даврда ушбу байрам нафақат Қорақалпоғистонда, балки Қозоғистон, Қалмоғистон ва Мўғулистонда ҳам машҳур бўлиб кетди.
Анъанага кўра, “Сайғоқ куни” доирасида мактабларда очиқ экологик дарслар, табиатни муҳофаза қилиш акциялари, “Сайғоқ кубоги” учун спорт мусобақалари, шунингдек, қизиқарли экологик квестлар ташкил этилади. Ҳар бир аҳоли пунктида ёшларнинг ташаббуслари ва қизиқишларини инобатга олган ҳолда ўзига хос тадбирлар дастури шакллантирилади.

Тадбирда Нукус шаҳри, Мўйноқ тумани, шунингдек, Қўнғирот туманидаги “Жаслиқ”, “Қорақалпоғистон” шаҳарча фуқаролар йиғинлари, “Қирққиз” қишлоғидаги мактаб ўқувчилари иштирок этди. Мазкур ҳудудларда фаолият юритаётган “Сайғоқ дўстлари” болалар ва ёшлар экологик клублари аъзолари ҳам фестивалда қатнашди.
Сайғоқ Ўзбекистон Республикаси Қизил китоби ва Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг Қизил рўйхатига киритилган йўқолиб бораётган ноёб тур ҳисобланади. Бу кабитадбирлар сайғоқлар яшаш ҳудудларига яқин жойлашган аҳоли пунктлари аҳолиси, болалар ваёшлар ўртасида экологик тарғибот ҳамда табиатнимуҳофаза қилиш фаолиятини ривожлантиришгақаратилган.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.