Сурхондарёда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари реэкспорт қилинади
Сурхондарё вилоятида Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси ишчи гуруҳи ҳудуднинг ташқи бозорларга чиқиш имкониятини янада кенгайтириш ҳамда халқаро транспорт йўлакларидан самарали фойдаланиш учун экспортёр ва импортёр корхоналар ўртасида транспорт-логистика соҳасидаги муаммолар, мавжуд шароитлар билан танишди.
Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси экспорт салоҳиятини ривожлантириш, маҳаллий маҳсулотларни янги ва истиқболли бозорларга олиб чиқиш ҳамда халқаро хавфсизлик талабларига жавоб берадиган маҳсулотлар улушини ошириш юзасидан муайян ишларни олиб бормоқда. Шу мақсадда ишчи гуруҳ Термиз туманидаги “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонасида бўлиб, қўшни давлатдан олиб кирилаётган мева-сабзавот маҳсулотларини карантин кўриги ва рухсатнома расмийлаштириш жараёнларини кўздан кечирди.

Ўзбекистон – Афғонистон чегарасидаги халқаро марказ 36 гектар майдонда барпо этилган. Йилига 22 мингта юк автотранспорт қатнови ҳамда 900 минг тонна логистика қувватига эга марказ орқали шу кунгача Афғонистондан 6,1 миллион долларлик 13 турдаги 28,8 минг тонна мева-сабзавот импорт қилинган. Бу ерда қўшни давлатда етиштирилган пиёз, анор, узум, картошка, олма сингари озиқ-овқат маҳсулотлари учун соддалаштирилган тартибда карантин рухсатномасини расмийлаштириш жорий этилган.
Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитасининг масъул ходимлари Бобур Ҳамроев, Улуғбек Юнусов, Хусниддин Исмоиловлар вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси раҳбарлари иштирокида тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказиб, мамлакатимизда экспорт-импорт операцияларини амалга ошириш юзасидан яратилаётган шароитлар, эркин савдо зонасида мавжуд имтиёзлар ҳақида атрофлича маълумот берди. Таклиф ва тавсияларни тинглади.
“Термиз халқаро савдо маркази” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида бўлиб ўтган учрашувда қўшни давлатдан келтирилаётган маҳсулотларнинг карантин рухсатномаси ўртача икки-уч кунда расмийлаштирилаётгани, ҳўл мевалар транзит орқали Россия ва Қозоғистонга экспорт қилингани маълум бўлди.
Ишчи гуруҳ аъзолари “Айритом” чегара-божхона постида бўлиб, бу жойнинг юк автотранспортларини ўтказиш қувватини ўрганди. Кунига 200 та автотранспорт воситасини ўтказишга мўлжалланган постнинг имкониятлари ва бу ерда амалга оширилаётган реконструкция ишлари билан танишди.

“Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонаси Афғонистон ва Жанубий Осиё давлатлари билан савдо-сотиқда муҳим логистик хаб вазифасини бажармоқда. Шунга кўра айни пайтда қўшни давлатдан келтириладиган ҳўл меваларни халқаро савдо марказида фитосанитар талабларга мувофиқ ёпиқ омборларда қайта ишлаш ва реэкспорт қилиш шарти билан карантин рухсатномаси расмийлаштириш тартиблари ишлаб чиқилмоқда. Шунга мувофиқ, вилоят ҳокимлиги, вилоят божхона бошқармаси ва бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида Афғонистонда етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини “Термиз халқаро савдо маркази”да мавжуд замонавий инфратузилма (сақлаш, саралаш, қадоқлаш)дан фойдаланган ҳолда қайта ишлаб, реэкспорт қилиш режалаштирилмоқда.
Нилуфар Бозорова, ЎзА