Жанубда “Энг яхши китобхон” мусобақасининг қўмондонлик босқичи ўтказилди
Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ Жанубий оператив қўмондонлигида “Энг яхши китобхон” мусобақасининг қўмондонлик босқичи бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 15 январда қабул қилинган “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда мудофаа вазирининг тегишли буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган мусобақада муддатли ҳарбий хизматчилар ҳамда 30 ёшгача бўлган шартнома асосида хизмат қилаётган офицер ва сержантлар иштирок этиб, билим ва тафаккур борасида ўзаро беллашди.
Иштирокчилар икки шарт асосида синовдан ўтди. Биринчи шарт — “Тезкор савол-жавоб”да ҳар бир иштирокчи қуръа ташлаш орқали танланган 4 та саволга тезкор ва аниқ жавоб берди. Мазкур шарт 100 баллик тизим асосида баҳоланди.
[gallery-30253]
Иккинчи шарт — “Бадиий асарлар билимдони” йўналишида иштирокчиларга турли бадиий асарлардан олинган сюжет ва эпизодлар ўқиб эшиттирилди. Улар асар номини аниқлаш, унинг мазмун-моҳияти, ғояси ва тарбиявий аҳамиятини шарҳлаб бериш орқали ўз билимларини намоён этди. Ушбу шарт ҳам 100 баллик мезон асосида баҳоланди.
Якуний натижаларга кўра, ғолибликни қўлга киритган иштирокчилар Мудофаа вазирлиги босқичида ўтказиладиган мусобақада иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Тадбир якунида ғолиб ва совриндорлар, шунингдек, фаол иштирок этган ҳарбий хизматчилар Жанубий оператив қўмондонликнинг фахрий ёрлиқлари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/gBJsYQU6zF4?si=kjHyOZ0MCblK2gBU" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Жонибек ҚЎЗИМУРРОДОВ(сурат,видео),ЎзА