Маҳалла еттилиги аъзолари учун амалий ўқув-семинар ташкил этилди
Пойтахтимизда Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти томонидан маҳалла еттилиги аъзолари учун амалий ўқув-семинар ва машғулотлар ўтказилди.
Семинар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири томонидан тасдиқланган “Баркамол” маҳалласида жиноятчиликни кескин камайтириш, хавфсиз ва назорат қилинадиган муҳитни яратиш ҳамда ҳудудни жиноятдан холи тоифага ўтказиш бўйича манзилли дастур ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.
Семинар давомида оилавий ва ижтимоий низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, медиация усулларидан самарали фойдаланиш, ҳуқуқбузарликка мойил шахслар ва ижтимоий хавф гуруҳидаги фуқаролар билан мулоқот қилиш, шунингдек, стрессли вазиятларда тўғри ёндашув ва муомала юритиш бўйича амалий кўникмалар берилди.
Жумладан, учрашув доирасида қабул қилинаётган қонунлар, ижро органлари ва мансабдор шахсларнинг халқ олдидаги ҳисобдорлигини ошириш юзасидан берилган саволларига атрофлича жавоб берилди.
Қайд этилганидек, мазкур ўқув-семинар маҳалла еттилиги аъзоларининг ҳуқуқий билим ва касбий салоҳиятини ошириш, ҳудудда соғлом ижтимоий муҳитни шакллантириш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА