Сурия чегарасида “Ҳизбуллоҳ”га юборилган қуроллар мусодара қилинди
Сурия ҳукумати Ироқ билан чегарада Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” гуруҳига етказилиши режалаштирилган йирик миқдордаги ноқонуний қурол-яроқ жамланмасини тўхтатиб қолди.
Бу ҳақда давлатга қарашли оммавий ахборот воситалари хабар тарқатди. SANA агентлиги Ички ишлар вазирлигидаги исми ошкор этилмаган расмий вакилга таяниб маълум қилишича, замонавий қурол ва ракета ортилган юк машинаси қўлга олинган. Дастлабки суриштирув ушбу ҳарбий техника ва аслаҳа жорий йил март ойи бошидан буён Исроил билан уруш ҳолатида қолаётган Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатига жўнатилганини аниқлади.
2024 йил собиқ Президент Башар Асад ағдарилгандан сўнг Сурия ҳокимияти тепасига келган янги раҳбарият ўз сарҳади, хусусан Ироқ ва Ливан билан чегара ҳудудида ноқонуний қурол, гиёҳванд модда савдосига қарши курашни кескин кучайтирди. Зеро, ушбу йўналишлар ўнлаб йил мобайнида “Ҳизбуллоҳ” ва Эрон томонидан дастакланиши тахмин қилинадиган бошқа гуруҳларни қуроллантириш учун стратегик транзит йўлаги вазифасини ўтаб келган. Бу ҳақда “AP News” хабар бермоқда.
Ўз навбатида “Ҳизбуллоҳ” вакиллари Сурия ҳукуматининг бу айбловини “мутлақо асоссиз” деб атади. 13 йиллик можаро даврида Асадни фаол қўллаб-қувватлаган ушбу гуруҳ ҳозир мамлакат ҳудудида ҳеч қандай фаолият олиб бормаётганини таъкидламоқда. Жамоа матбуот хизмати юқоридаги баёнотни ҳақиқатдан йироқ, уйдирма дея баҳолади.
Ироқ Қўшма амалиёт қўмондонлиги эса мазкур ноқонуний юк ташиш ҳолатини ўрганиш учун махсус комиссия тузилгани, бу борада Дамашқдаги расмий идоралар билан яқин ҳамкорлик қилинишига урғу берди. Бошқа тафсилотлар ошкор этилмаган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА