Украина – РФ: Муз эрий бошладими?
Россия Қўшма Штатларга Украина бўйича уч томонлама музокарани қайта бошлашга тайёрлиги ҳақида хабар берди, деди Президент Владимир Путин журналист Павел Зарубинга. Етакчи таъкидлашича, мулоқотдан кўзланган мақсад якуний тинчликка эришиш ва Россия хавфсизлигини таъминлаш.
Россия раҳбари Киев расмийларини урушни давом эттиришда айблаб, “Киев ва Ғарбдаги ҳомийлар Украина фуқароларига худди маблағ сарфланаётган буюмдек муносабатда бўлаётгани”ни таъкидлаган. Шунингдек, Москва “мураккаб вазиятга ечим” излашга тайёрлигини қўшимча қилган.
“Сўнгги генетик тадқиқотлар кўрсатадики, руслар ва украинлар бир халқ”, дея таъкидлаган Путин.
Аввалроқ Украина Президенти Владимир Зеленский ҳам Россия Украина, АҚШ ва Россия делегациялари ўртасида уч томонлама учрашув ўтказишга розилик берганини эълон қилганди.

Унинг сўзларига кўра, Киев музокарага ноябрь ойи бошида киришилишини кутяпти, аммо якуний сана ҳали келишилмаган.
“Стив Уиткоффнинг Россия томони билан учрашуви муҳим эди. Биз брифингдан тушунганимиздек, РФ делегацияларимиз даражасида уч томонлама учрашувни қўллаб-қувватлаши ҳақида фикр-мулоҳаза олдик. Америка томони учрашувни иложи борича тезроқ ўтказиш тарафдори. Биз буни қўллаб-қувватлаймиз”, деганди давлат раҳбари.
“The Atlantic” нашри ёзишича, АҚШ етакчиси Дональд Трамп ҳам декабрь ойида Маями яқинидаги гольф клубида бўлиб ўтадиган G20 саммити давомида Украина бўйича тинчлик келишувига эришилишидан умид қилаётганини билдирган.

Трамп, Путин ва Си Цзиньпин ўртасидаги уч томонлама учрашув мақсадга эришиш йўлида дадил қадам бўлиши мумкин. Бўлажак учрашувни Путин ноябрь ойи ўрталарида Хитойнинг Шенчжен шаҳрида ўтказиш таклифини илгари сурган. Муҳокама мавзулари орасида Россия – Украина уруши ҳам бор. Фақат Киев мамлакат тақдири Украниа иштирокисиз ҳал қилинишидан хавотирда, дейилган хабарда.
Украина раҳбарияти 3 ноябрь куни бўлиб ўтадиган АҚШ оралиқ сайловидан кейин Вашингтон томонидан босим кучайишидан хавотирда. Гап шундаки, сайловдан кейин демократлар Вакиллар палатасида кўпчиликни қўлга киритиши мумкин. Янги Конгресс эса 3 январдан кейин фаолиятини бошлайди. Бунга қадар республикачилар ҳар икки палатани назорат қилиб туради. Бу ҳолат Трампга ўзига маъқул ташқи сиёсат олиб бориш имконини беради.
С.Раҳимов, ЎзА