Сирдарёда байрам олди тадбирлари бўлиб ўтмоқда
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини муносиб кутиб олиш мақсадида Сирдарё вилоятида кенг кўламли маънавий-маърифий, маданий ва тарғибот тадбирлари изчил давом этмоқда. Айниқса, маҳаллалардаги байрам шодиёналари аҳоли қалбида Ватанга муҳаббат, юрт тақдирига дахлдорлик ва эртанги кунга ишонч туйғуларини янада мустаҳкамламоқда.
Ана шундай файзли тадбирлардан бири Сайхунобод туманининг Иттифоқ маҳалласида «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратайлик!» ғояси асосида ўтказилган Мустақиллик фестивали бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 1 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасидаги фестиваль тумандаги ҳокимлик, Маънавият-маърифат, шунингдек, Маданият ҳамда Ўзбекистон Маҳаллалар уюшмасининг туман бўлимлари ҳамкорлигида ташкил этилди.

Маҳалла аҳли, нуронийлар, ёшлар, хотин-қизлар, фаоллар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган байрамда кўтаринки кайфият ҳукм сурди. Маҳалла кўчаларидаги байрамона муҳит, миллий қадриятлар ва замонавий бунёдкорлик руҳининг уйғунлиги тантанага алоҳида файз бағишлади.
Истиқлолнинг 35 йиллиги муносабати билан туманда ўтказилган тадбирлар билан бир қаторда аҳолига мустақилликнинг мазмун-моҳиятини янада чуқурроқ англатиш, тинчлик ва осойишталик қадрини юксалтириш, ёш авлод қалбида ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашга қаратилган кенг қамровли ишлар ҳам амалга оширилмоқда.

Хусусан, маҳаллаларда аҳолининг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, шукроналик ва дахлдорлик ҳиссини кучайтириш мақсадида миллий фильмлар намойишига бағишланган «Мустақиллик кинокарвони» тадбирлари ўтказилмоқда. Спортнинг турли йўналишлари ва миллий халқ ўйинлари бўйича «Мустақиллик кубоги» мусобақалари ташкил этилиб, уларда ёшлар билан бир қаторда катта авлод вакиллари ҳам фаол иштирок этишмоқда.

Ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари умуммиллий халқ сайиллари ўтказилаётган бўлса, аҳоли гавжум масканлар ва жамоат жойларида «Ватан симфонияси» флешмоблари ташкил этилмоқда. Бундай ташаббуслар маҳаллалар ҳаётига ўзгача жонланиш олиб кириб, истиқлол шукуҳини ҳар бир хонадонга яқинлаштирмоқда.

— Энг аҳамиятлиси шундаки, Мустақиллик тўйи фестиваллари билан бир қаторда, «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратайлик!» ғояси асосида турли жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда тумандаги маҳаллаларда кенг қамровли тадбирларни амалга оширяпмиз. «Мустақиллик кинокарвони», «Мустақиллик кубоги», умуммиллий халқ сайиллари, «Ватан симфонияси» каби тадбирларда ёшлар, нуронийлар, фаоллар ва кенг жамоатчиликнинг фаол иштирок этаётгани қувонарли. Бу жараёнларда истиқлолимизнинг 35 йиллик тантаналари халқимиз қалбидан чуқур ўрин олаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Асосий мақсадимиз — байрам тадбирларини аҳоли иштирокида кўтаринки руҳда, самимий ва мазмунли ўтказиш, бунинг учун мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз, — дейди туман ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Нодира Мирзаева.

Иттифоқ маҳалласидаги Мустақиллик фестивали эса туманда амалга оширилаётган ана шу эзгу ишларининг мантиқий давоми бўлди. Байрам саҳнасида янграган дилбар куй-қўшиқлар, миллий ва замонавий мусиқа намуналари, санъаткорларнинг чиқишлари маҳалла аҳлига кўтаринки кайфият улашди. Юртимиз эстрада санъатининг ёрқин вакилларидан бири Шоира Отабекова ҳамда Сайхунобод тумани Маданият бўлими санъаткорларининг чиқишлари кечага янада файз киритди. Айниқса, миллий қадриятлар, Ватанга муҳаббат, тинчлик ва осойишталикни тараннум этувчи қўшиқлар байрам иштирокчиларига кўтаринки руҳ бағишлади. Маҳалла аҳли бир тану бир жон бўлиб, қўшиқ ва рақсларга ҳамоҳанг бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири