“Заковат” ғолиби аниқланди
Гулистон шаҳридаги вилоят ёшлар марказида “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси кубоги” учун “Заковат” интеллектуал ўйинининг Сирдарё вилояти босқичи бўлиб ўтди.
Билим, мантиқий фикрлаш ва тезкорликни талаб этган мусобақа Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Сирдарё вилояти бошқармаси, Сирдарё вилояти Ёшлар ишлари бошқармаси, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, “Заковат” интеллектуал клуби ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди.
Қизғин ва муросасиз баҳсларга бой кечган беллашувда вилоятнинг 11 та шаҳар ва туманидан 22 та жамоа иштирок этди. Жамоалар нафақат билим ва салоҳиятини, балки тезкор фикрлаш, мантиқий ёндашув ва жамоавий қарор қабул қилиш қобилиятини ҳам намойиш этдилар.
Интеллектуал беллашув давомида иштирокчиларга турли соҳаларга оид саволлар берилиб, ҳар бир жамоадан аниқ ва тезкор жавоб талаб қилинди. Айрим саволлар иштирокчиларни чуқур мушоҳадага чорлаган бўлса, баъзилари зукколик ва тезкорликни синади. Шу тариқа, ҳар бир очко учун кечган кескин рақобат мусобақага янада қизиқарли тус берди.
[gallery-30923]
Якуний натижаларга кўра, Гулистон туманидаги “Зарбдор” маҳалласи жамоаси муносиб ўйин кўрсатиб, 1-ўринни қўлга киритди.
2-ўрин Гулистон шаҳридаги “Бўстон” маҳалласи жамоасига, 3-ўрин эса Янгиер шаҳридаги “Шукрона” маҳалласи жамоасига насиб этди.
Шу тариқа, Гулистон тумани ва Гулистон шаҳри жамоалари “Заковат” интеллектуал ўйинининг республика босқичида Сирдарё вилояти шарафини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Мазкур мусобақа маҳаллаларда ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини намоён этиш, уларни билим ва изланишга рағбатлантириш, шунингдек, фаол ва ташаббускор ёшлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Зеро, “Заковат” — шунчаки савол-жавоб беллашуви эмас. У ёшларни ўқиш, изланиш, таҳлил қилиш, жамоа билан фикр алмашиш ва ҳар бир қарорни мантиқ асосида қабул қилишга ундайди. Сирдарёдаги вилоят босқичи ҳам ана шу жиҳатлари билан иштирокчилар учун ҳақиқий билим ва тафаккур майдонига айланди.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА