Газ тўлдириш шохобчаларида хавфсизлик назорати кучайтирилмоқда
Бухоро вилоятида фаолият юритаётган автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларида хавфсизлик чораларини кучайтиришга қаратилган профилактик ишлар олиб борилмоқда.
“Ўзэнергоинспекция” ходимлари томонидан ўтказилаётган тадбирлар давомида шохобчаларда технологик жараёнларни белгиланган тартибда ташкил этиш, газ ускуналаридан хавфсиз фойдаланиш ва мавжуд техник воситаларнинг соз ҳолатда бўлишини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тадбирлар доирасида шохобча раҳбарлари ва ходимларига ёнғин ҳамда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, иш жараёнида хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилиш, ускуналарни ўз вақтида техник кўрикдан ўтказиш ва уларнинг ишлаш ҳолатини мунтазам назорат қилиш бўйича зарур тавсиялар берилмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 18 июндаги 315-сон қарорида белгиланган хавфсизлик талабларига риоя этиш муҳимлиги тушунтирилмоқда. Мазкур ҳужжатда ёқилғи қуйиш шохобчалари ҳамда газ тўлдириш иншоотларида авариялар ва бошқа кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган минимал хавфсизлик мезонлари белгилаб берилган.
Профилактик учрашувларда масъул ходимларга техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига амал қилиш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва хавфли ҳолатларга йўл қўймаслик зарурлиги таъкидланмоқда.
Инспекция ахборот хизматининг таъкидлашича, бу каби профилактик тадбирларнинг мунтазам ўтказилиши газ тўлдириш шохобчаларида хавфсизлик маданиятини ошириш, технологик талабларга риоя этилишини таъминлаш ва турли кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади. Бу эса, ўз навбатида, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ҳамда инсон ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилишга хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА