“Silk Road Tashkent 2026” оммавий югуриш мусобақасида соғлом турмуш тарзи тарғиб қилинди
Пойтахтимиздаги “Янги Ўзбекистон” боғида “Silk Road Tashkent – 2026” халқаро оммавий югуриш мусобақаси бўлиб ўтди. Тадбир мавсумнинг энг оммавий спорт лойиҳаларидан бири сифатида минглаб иштирокчиларни бир майдонга жамлади.
Мусобақада профессионал спортчилар, талабалар, югуриш клублари аъзолари, болали оилалар ҳамда соғлом турмуш тарзига қизиқувчилар иштирок этди. Умумий ҳисобда 3 мингдан ортиқ киши стартга чиқди.
Иштирокчилар 5 ва 10 километрлик масофаларда ўз кучларини синаб кўрди. Шунингдек, дастур доирасида “Nordic Walking” йўналиши ҳамда болалар учун мўлжалланган “Kids Run” оммавий югуриш мусобақаси ҳам ташкил этилди. 2024 йилдан буён мамлакат бўйлаб ўтказиб келинаётган “Talaba Yugur” талабалар оммавий югуриш лойиҳаси ҳам дастурнинг алоҳида қисми сифатида ўрин олди.

Старт шаҳарчаси “Янги Ўзбекистон” боғида ташкил этилди. Эрталабдан бу ерда мусиқа садолари янгради, ҳамкорлар павильонлари, саҳна майдони ва шахсий буюмларни сақлаш нуқталари фаол ишлади. Старт олдидан иштирокчилар умумий жисмоний қизиш машқларини бажарди, бу эса тадбирга оммавийлик ва жонли муҳит бағишлади.
Кўплаб иштирокчилар мусобақага оилавий тарзда ташриф буюрди. “Kids Run” якунланганидан сўнг, болалар медаллари билан суратга тушиб, тадбир хотираларини узоқ вақт давомида эслаб қолди.
Тадбир Марказий Осиё югуриш ва юриш академияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди. Шунингдек, “O‘zbektelekom” АЖ, “ASTERIUM” АЖ, “UZAUTO MOTORS” АЖ ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки старт ҳамкорлари сифатида иштирок этди.

Марказий Осиё югуриш ва юриш академияси директори Шуҳрат Усмоновнинг таъкидлашича, бундай лойиҳаларда профессионал спортчилар билан бир қаторда оддий фуқаролар, талабалар ва оилалар иштирок этаётгани оммавий спорт маданияти ривожи учун муҳим аҳамият касб этади.
Ташкилотчилар томонидан 5 ва 10 километр масофаларда ғолиб ва совриндорлар учун кенгайтирилган мукофот жамғармаси жорий этилди. Жами 12 та совринли ўрин бўйича спортчилар пул мукофотлари билан тақдирланди. 10 километр масофада биринчи ўрин учун 6 миллион, иккинчи ўрин учун 5 миллион, учинчи ўрин учун 4 миллион сўм миқдорида мукофот белгиланди. 5 километр масофада эса мукофотлар мос равишда 3,5 миллион, 3 миллион ва 2,5 миллион сўмни ташкил этди.
“Kids Run” йўналишида ғолиб бўлган болаларга ҳам ҳамкор ташкилотлар томонидан махсус совғалар топширилди.
Тадбирдан икки кун олдин “Tashkent City Mall” ҳудудида EXPO зонаси фаолият бошлади. Унда иштирокчилар старт пакетларини қабул қилиб олди, дастур билан танишди ҳамда ташкилотчилар билан мулоқот қилиш имконига эга бўлди.
Маълумот учун, “Silk Road Uzbekistan” туркуми доирасида шу кунга қадар Нукус, Самарқанд, Бухоро ва Тошкент шаҳарларида тадбирлар ўтказилган. Навбатдаги старт 24 май куни Қўқон шаҳрида бўлиб ўтади ва унда илк бор ярим марафон ташкил этилиши режалаштирилган.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА