ОЧЛ-2: «Насаф» Қаршида гуруҳ пешқадамига қарши майдонга тушади
Бугун, 14 октябрь куни футбол бўйича Осиё чемпионлар лигаси–2 мусобақаси иккинчи тур учрашувлари бўлиб ўтади.
Мусобақанинг “A” гуруҳида «Насаф» Бирлашган Араб Амирликларининг «Ал-Ваҳда» клубини қабул қилиб, ўз майдонида муҳим очколар учун кураш олиб боради. «Марказий» стадионда ўтадиган учрашув Тошкент вақти билан соат 18:45 да бошланади. Белгиланган тартибга кўра, «Насаф» қизил, «Ал-Ваҳда» эса қора либосда майдонга тушади.
Турнинг иккинчи баҳсида Баҳрайннинг «Ал-Ҳолдия» жамоаси сафарда Қувайтнинг «Ал-Кувайт» клубига қарши баҳс олиб боради. Учрашув соат 21:00 да бошланади.
Биринчи турдан кейин «А» гуруҳида «Ал-Ваҳда» 3 очко билан пешқадамлик қилмоқда. «Насаф» ва «Ал-Ҳолдия» ҳисобида бир очкодан мавжуд, «Ал-Кувайт» эса ҳозирча очко жамғармаган.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА