Элит ОЧЛ: 2-турдан сўнг жадвалдаги вазият қандай?
Футбол бўйича Элит Осиё чемпионлар лигасининг умумий босқичи иккинчи тури баҳслари ўз якунига етди. Ушбу турнинг сўнгги кунида «Ал-Садд» — «Ал-Ҳилол» ҳамда «Ал-Иттиҳод» — «Шабоб Ал-Аҳли» жамоалари ўзаро рақобатлашди.
Ушбу учрашувларда «Шабаб Ал-Аҳли» сафарда «Ал-Иттиҳод»ни 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Учрашувда Сердар Азмун 7 ва 16-дақиқаларда гол уриб, дубл қайд этди. Мезбонларнинг ягона тўпини Ричард Риос 66-дақиқада киритди.
Саудия Арабистонининг «Ал-Ҳилол» жамоаси Қатарнинг «Ал-Садд» клубини сафарда 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Учрашувда ҳисоб 35-дақиқада очилди. «Ал-Ҳилол» ярим ҳимоячиси Муҳаммад Канно жамоасини олдинга олиб чиқди. 65-дақиқада Рубен Невеш иккинчи голни киритиб, саудияликлар ғалабасини мустаҳкамлади.
Шунингдек, мазкур турда Ўзбекистоннинг икки клуби майдонга тушди. Жумладан, «Пахтакор» Тошкентда Саудия Арабистонининг «Ал-Қодисия» жамоасини қабул қилиб, 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида "Ал-Наср" ва "Нефтчи" ўзаро тўқнаш келди. Учрашув 3:1 ҳисобида мезбонлар фойдасига якунланди.

Турнинг бошқа учрашувларида ҳам қизиқарли натижалар қайд этилди. Бирлашган Араб Амирликларида «Ал-Васл» ўз майдонида Саудия Арабистонининг «Ал-Аҳли» клубига 1:3 ҳисобида мағлуб бўлди. Эроннинг «Трактор» жамоаси Қатарнинг «Ал-Шамал» клубини қабул қилди. Мустаҳкам ҳимоя ва дарвозабонларнинг ишончли ҳаракатлари натижасида учрашувда ҳисоб очилмади — 0:0.
Қатарнинг «Ал-Гарафа» жамоаси эса ўз майдонида Эроннинг «Истиқлол» клубига 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди. Ироқнинг «Ал-Қува Ал-Жавия» ва Бирлашган Араб Амирликларининг «Ал-Айн» жамоаси учрашуви 1:4 ҳисобида якунланди.

Шу тариқа, иккинчи тур якунига кўра «Ал-Айн», «Истиқлол», «Ал-Ҳилол» ва «Шабаб Ал-Аҳли» жамоалари ҳисобидаги очко 6 тага етди ва улар голлар нисбатига кўра 1-4 поғоналарни банд этди.«Ал-Аҳли» ва «Ал-Қодисия» 4 очко билан 5-6 ўринларга жойлашган бўлса, «Нефтчи» ҳамда «Ал-Наср» кучли саккизталикни якунлаб берди. «Пахтакор», «Ал-Шамал» бир хил - 2 очко жамғариб 9-10, «Ал-Иттиҳод», «Трактор» 1 очко билан 11-12 ўринларда қайд этилди.
Шунингдек, ўтган икки турда мағлуб бўлган «Ал-Гарафа», «Ал-Васл», «Ал-Қува Ал-Жавия», «Ал-Садд» клублари эса очкосиз қуйи поғоналарда қолди.

Элит Осиё чемпионлар лигаси мусобақасининг Ғарбий минтақасидаги 3-тур учрашувлари 26–27 октябрь кунлари бўлиб ўтади.
Қуйида ушбу ўйинлар билан танишасиз:
26 октябрь, Тошкент вақти билан:
18:45 — «Нефтчи» — «Ал-Иттиҳод»;
21:00 — «Ал-Аҳли» — «Ал-Гарафа» ва «Ал-Айн» — «Трактор»;
23:15 — «Ал-Наср» — «Ал-Васл», «Ал-Қодисия» — «Ал-Садд», «Ал-Қува» — «Пахтакор», «Ал-Айн» — «Трактор»;
27 октябрь:
21:00 — «Шабаб Ал-Аҳли» — «Истиқлол»
23:15 — «Ал-Шамал» — «Ал-Ҳилол»
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА